OPEC+: Нефть фақат Ҳурмуз очилсагина кўпаяди
OPEC+ мамлакатлари нефть ишлаб чиқаришни оширишга келишиб олди. Май ойи учун квота кунига 206 000 баррелга етказилиши режалаштирилди. Қарор ҳозирча амалий хусусиятга эга эмас, чунки асосий муаммо – Ҳурмуз бўғози ёпиқлиги сақланмоқда. Мутахассислар бу келишув “қоғозда қолиши”ни тахмин қиляпти.
Айни пайт глобал нефть таъминоти издан чиққан. АҚШ-Исроил ва Эрон ўртасидаги уруш сабаб дунё нефтининг салмоқли қисми ташилган Ҳурмуз бўғози қарийб ёпилган. Натижада нарх 120 долларга яқинлашиб, сўнгги тўрт йилдаги энг юқори даражага чиқди.
Асосий ишлаб чиқарувчи давлатлар – Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Кувайт ва Ироқ ҳам ҳозирча ҳажмни ошира олмаяпти. Сабаб – инфратузилмага берилган зарбалар ва логистика муаммоси. Айрим объектлар дрон ва ракета ҳужумидан жиддий зарар кўрган. Расмийлар, ҳатто, уруш тўхтаса ҳам аввалги ишлаб чиқариш миқдорини тиклаш учун ойлар талаб этилишини таъкидламоқда.
Таҳлилчилар фикрича, бозорга қўшимча нефть чиқиши фақат Ҳурмуз қайта очилгандагина амалий аҳамият касб этади. Ҳозирги шароитда эса бу қарор глобал нархга, деярли, таъсир қилмайди. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, уруш сабаб кунига 12-15 миллион баррель нефть бозордан чиқиб кетган. Агар ноқулай вазият узоқ давом этса, нарх 150 доллардан ҳам кўтарилиб кетиши мумкин.
OPEC+ энергетика инфратузилмасига ҳужумдан ҳам хавотир билдирди. Бундай зарарни тиклаш қимматга тушади ва анча вақт талаб қилади. Шу боис, бозордаги беқарорлик яқин вақтда сақланиб қолиши кутиляпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА