Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Андижон шаҳридан фуқаро А.К. яшаш шароитини ўрганиш ва вояга етмаган фарзандини мактабга тиклаш бўйича мурожаат қилди.
Омбудсман ахборот хизматига кўра, мурожаат назоратга олиниб, ҳолатни жойига чиқиб ўрганиш учун Андижон вилоятидаги минтақавий вакилга юборилди. Ҳолат тегишли ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган ҳолда ўрганилди.
Мурожаатчи А.К.нинг хонадонига борилганда унинг оилавий шароити оғирлиги туфайли вояга етмаган фарзанди мактабга бормаётгани, хонадони ҳам таъмирталаблиги маълум бўлди.
Боланинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида фуқаро А.К.нинг вояга етмаган фарзанди мактабга тикланиб, мактаб психологи мураббий этиб белгиланди.
Шунингдек, “Аёллар дафтари”га киритилган мурожаатчи хонадонида таъмирлаш ишлари бошланди ва унга бола пули берилиши таъминланди.
Омбудсманга Андижон шаҳридан юборилган яна бир мурожаатда фуқаро Т.М. вояга етмаган фарзанди мактабга олинмаётгани юзасидан шикоят қилган.
Мазкур мурожаат минтақавий вакил томонидан ўрганилганда 4 нафар вояга етмаган фарзанднинг онаси бўлган, боқувчисини йўқотган Т.М. кичик фарзандини мактабга олиб борганида, мактаб маъмурияти томонидан қабул қилинмагани маълум бўлган.
Маълум бўлишича, мурожаатчи турмуш ўртоғи вафотидан сўнг, ота уйи (бошқа туман)га кўчиб келган. Мактаб маъмурияти эса туманда рўйхатда бўлмагани сабабли мурожаатчининг фарзандини мактабга қабул қилишдан бош тортган.
Мурожаат назоратга олиниб, тегишли ташкилотларга юборилгач, аёлнинг фарзанди мазкур мактабнинг 4-синфига қабул қилинди.
Маълумот учун, янги таҳрирдаги Конституциянинг 50-моддасига мувофиқ, ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга, давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлаши, умумий ўрта таълим мажбурийлиги, мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратида эканлиги белгиланган.
Н.Абдураимова,
ЎзА.