Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш оиладан бошланади
20 ноябрь — Бутунжаҳон болалар куни
Ҳар бир бола муносиб ҳаёт кечириш, таълим олиш, соғлом ўсиш, дам олиш ва ўз иқтидорини рўёбга чиқариш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқлар унинг жисмоний, ақлий ва маънавий камолоти учун муҳим асос ҳисобланади. Уларни таъминлаш эса нафақат давлат ва жамиятнинг, балки ҳар бир ота-онанинг ҳам бевосита масъулиятидир.
Аксарият ҳолларда бола ҳуқуқлари ҳақида гап кетганда, унинг озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа моддий эҳтиёжларини таъминлаш биринчи ўринга қўйилади. Бироқ бола ҳуқуқлари тушунчаси бундан анча кенг. У сифатли таълим олиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, дам олиш, спорт ва ижодий машғулотларда қатнашиш, ўз фикрини эркин ифода этиш каби ҳуқуқларни ҳам қамраб олади. Зеро, боланинг ҳар томонлама ривожланиши фақат моддий таъминот билан эмас, балки унинг шахсий қизиқишлари, қобилияти ва ички эҳтиёжларига яратиладиган шароит билан ҳам белгиланади.
— Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50-моддасида ҳар кимнинг таълим олиш ҳуқуқи кафолатланган. Умумий ўрта таълимнинг мажбурийлиги ва давлат томонидан бепул таълим олиш имконияти таъминланиши ҳар бир боланинг билим олиши учун ҳуқуқий замин яратади. Бу кафолатлар боланинг оилавий ёки моддий шароитидан қатъи назар, таълим олиш имкониятига эга бўлишини назарда тутади, — дейди юридик фанлар доктори, профессор Феруза Муҳиддинова.
Дарҳақиқат, таълим олиш ҳуқуқи боланинг келажагини белгилайдиган асосий ҳуқуқлардан биридир. Таълим фақат билим бериш билан чекланмайди. У болада мустақил фикрлаш, ўз қобилиятини англаш, ҳаётда ўз ўрнини топиш ва жамиятда муносиб мавқега эга бўлиш кўникмаларини шакллантиради. Шу боис ҳар бир боланинг таълим олиш имкониятини таъминлаш унинг бугунги эҳтиёжини қондиришгина эмас, балки эртанги ҳаёти учун мустаҳкам пойдевор яратишдир.
Бола ҳуқуқлари тизимида саломатликни сақлаш масаласи ҳам алоҳида ўрин тутади. Конституциянинг 48-моддасида ҳар кимнинг соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи мустаҳкамланган. Ушбу конституциявий кафолат болаларнинг ҳам соғлом ўсиши ва зарур тиббий ёрдам олиши учун муҳим ҳуқуқий асосдир.
Бунда ота-онанинг масъулияти фақат бола касал бўлганида уни шифокорга олиб бориш билан чекланмайди. Фарзанд саломатлигини мунтазам назорат қилиш, касалликларнинг олдини олиш ва зарур тиббий ёрдамдан фойдаланиши учун шароит яратиш ҳам ота-оналик бурчининг муҳим таркибий қисмидир. Чунки соғлом ўсиш боланинг таълим олиши, қобилиятини намоён этиши ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиши учун зарур шарт ҳисобланади.
Боланинг ҳар томонлама ривожланишида бўш вақтни мазмунли ташкил этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Спорт, китобхонлик, мусиқа, тасвирий санъат ва бошқа ижодий машғулотлар боланинг қизиқишларини шакллантиради, қобилиятини ривожлантиради ва дунёқарашини кенгайтиради. Шунинг учун ота-она фарзандининг қизиқишларини инобатга олиши, унинг истеъдодини намоён этиши ва ривожлантириши учун зарур имкониятларни яратиши лозим.
Бу борада боланинг шахсий хоҳиш-истакларини инобатга олиш ҳам муҳим. Уни фақат катталар белгилаган машғулотларга йўналтириш эмас, балки нималарга қизиқиши, қайси соҳада ўзини намоён этишни исташини англашга ёрдам бериш керак. Зеро, боланинг қобилиятини ривожлантириш унинг фикри ва танловига ҳурмат билан муносабатда бўлишдан бошланади.
БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида ҳам боланинг таълим олиш, соғлом ўсиш, дам олиш, ўз фикрини билдириш ва ҳар томонлама ривожланиш ҳуқуқлари белгилаб қўйилган. Конвенциянинг муҳим тамойилларидан бири — боланинг энг яхши манфаатларини устувор ҳисоблаш. Бу тамойил болага дахлдор қарорлар қабул қилишда унинг ёши, эҳтиёжлари, қизиқишлари ва манфаатларини ҳисобга олиш зарурлигини англатади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасида ҳам болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш давлатнинг мажбурияти сифатида белгиланган. Унда боланинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлат ва жамиятнинг муҳим вазифаси экани мустаҳкамланган.
Мазкур нормаларнинг аҳамияти шундаки, улар бола ҳуқуқларини фақат қоғозда белгиланган ҳуқуқий кафолат сифатида эмас, балки кундалик ҳаётда таъминланиши лозим бўлган қадрият сифатида намоён этади. Бу жараёнда давлат яратадиган имкониятлар билан бир қаторда оиланинг муносабати, ота-онанинг ҳуқуқий билими ва тарбиявий ёндашуви ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Энг муҳими, ота-оналик масъулияти фарзандни боқиш, кийинтириш ва мактабга юборишдангина иборат эмас. Боланинг ички кечинмаларига эътибор қаратиш, фикрини тинглаш, муаммоларини тушуниш, қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ва шахсий қадр-қимматини ҳурмат қилиш ҳам тарбиянинг ажралмас қисмидир. Бола ўз фикри инобатга олинишини, унинг эҳтиёжлари ва ҳис-туйғулари катталар учун аҳамиятли эканини ҳис қилиши керак.
Боланинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, унинг фикрини эшитиш ва манфаатларини эътиборга олиш оиладаги соғлом муҳитни шакллантиради. Фарзанд билан мунтазам мулоқот қилиш, унинг нимани ўрганишга қизиқиши, қандай машғулотларни танлаши ва қандай ёрдамга эҳтиёж сезишини билиш ота-онага болани яхшироқ тушуниш имконини беради. Бундай муносабат болада ўз қадрини англаш, мустақил фикрлаш ва келажагига ишонч билан қараш туйғуларини мустаҳкамлайди.
Бола ҳуқуқларини таъминлаш, энг аввало, оиладаги муносабатлардан бошланади. Қонунларда белгиланган кафолатлар ота-онанинг кундалик ҳаётдаги масъулиятли муносабати билан тўлақонли мазмун касб этади. Ҳуқуқини биладиган ва фарзандининг ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган ота-она унинг эркин, соғлом ва баркамол шахс бўлиб улғайишига замин яратади.
Зеро, боланинг бугунги бахти, эркинлиги ва камолоти — жамиятнинг эртанги тараққиёти учун энг муҳим асос.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА мухбири