Соғлом авлод – мамлакат тараққиётининг пойдевори. Шу боис юртимизда сўнгги йилларда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар сифатини замон талаблари даражасига олиб чиқиш, замонавий технологияларни жорий этишга катта эътибор қаратилмоқда.
Гулистон шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалиёт тиббиёт марказининг Сирдарё филиалида замонавий кислород ишлаб чиқариш ускунаси ўрнатилиб, ишга туширилгани ҳам ана шундай эзгу ташаббуслар самарасидир.

Энди тиббий газ махсус баллонларда ташиб келинмасдан, маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилади. Бу нафақат вақт ва харажатларни камайтиради, балки кислород етказиб бериш жараёнида узлуксизлик ва хавфсизликни таъминлайди.
Марказ мутахассисларининг таъкидлашича, илгари бир ойда ўртача 30–40 миллион сўм, йил давомида эса 300–400 миллион сўм кислород балонларини ташиш ва тўлдиришга сарфланар эди. Янги ускунанинг ишга туширилиши билан мазкур харажатлар тежалиб, маблағлар тўғридан-тўғри беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга йўналтирилади.

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиали врач-реаниматологи Абдухалил Холиқулов шундай дейди:
– Бу ускуна нафақат тез ва узлуксиз кислород етказиб бериш имконини яратмоқда, балки оғир аҳволдаги беморлар, айниқса янги туғилган чақалоқлар ва ҳомиладор аёллар ҳаётини сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, тежалган маблағларнинг беморлар учун замонавий ва қулай шароит яратишга йўналтирилиши ҳам жуда катта аҳамият касб этади.

Шу тариқа, янги ускуна нафақат Сирдарё вилояти аҳолиси, балки қўшни ҳудудлардан келадиган беморлар учун ҳам сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтирмоқда.

Тиббиёт маркази раҳбарияти таъкидлаганидек, бундай замонавий технологияларнинг жорий этилиши мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий хизматларни халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш йўлида янги қадам ҳисобланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири