Она тилининг кучи нафақат унда сўзлашувчилар, балки рақамли оламдаги ўрни билан ҳам улуғ
Давлат тили бугун мустақилликнинг ҳуқуқий белгиси бўлибгина қолмай, бошқарув, таълим, иқтисодиёт ва рақамли тараққиётнинг стратегик ресурсига айланмоқда.
Янги Ўзбекистоннинг келажаги кўп жиҳатдан ана шу ресурсдан қандай фойдаланишимизга боғлиқ.
Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 21 октябрда “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросимда: “Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб билишимиз керак”, дея таъкидлади.

Ўзбек тили байрами илк бор кенг нишонланган 2020 йил 21 октябрда эса давлатимиз раҳбари бу фикрни янада аниқ ифодалади: “Давлат тилининг обрў-эътибори – бутун халқ, бутун жамиятнинг обрў-эътиборидир”.
Мустақиллик сари қадамдан конституциявий кафолатгача бўлган жараённи таҳлил этар эканмиз, 1989 йил 21 октябрда “ғоят мураккаб ижтимоий-сиёсий шароитда” қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги қонунни Президентимиз “миллий мустақиллик сари қўйилган муҳим қадам” деб баҳолади. Ўтган давр мобайнида бу қадам мустаҳкам ҳуқуқий тизимга айланганлигини гувоҳи бўлиб турибмиз.
Дарҳақиқат, 2019 йил 21 октябрь куни «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони имзоланди: Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди, Атамалар комиссиясини тузиш топширилди.
Бу борда изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, 2020 йил 10 апрель куни “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун имзоланди, 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.
Шундан сўнг 2023 йил 30 апрелдаги референдумда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциянинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир”, деб қатъий белгилаб қўйилди.
Ислоҳотлар эса, ўз натижасини кўрсата бошлади. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан 72 номда қомус, луғат ва қўлланмалар чоп этилди. Олти жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, тўрт жилдли “Алишер Навоий энциклопедияси”, беш жилдли “Навоий тили луғати” етакчи хорижий университетлар кутубхоналари, жаҳондаги ўзбек тили марказлари ва клубларига етказиб берилмоқда.
Хусусан, 2025 йилги қарор билан 2026 йил 1 январдан айрим давлат органлари ва ҳокимликларда маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилиши белгиланди. Бугунги кунда тегишли миллий сертификатга эга ўзбек тили фани ўқитувчиларининг ойлик маошига 50 фоиз қўшимча устама берилмоқда. Таълим бошқа тилда олиб бориладиган мактабларнинг 11-синф битирувчилари учун давлат тили фанидан якуний имтиҳон топшириш белгиланди.
Яна бир муҳим жиҳат Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш талаби расман белгиланди.
Фуқаро давлат билан ўз тилида, тушунарли ва аниқ мулоқот қила олгандагина қонун ҳар бир хонадонга етиб боради. Аслида давлат тилида иш юритиш – фақат филологик масала эмас, бошқарув маданияти ва халқимизнинг ўзига бўлган ҳурмати кўзгусидир. Давлатимиз раҳбари бундан ўттиз йил олдин қабул қилинган ўзбек тилининг асосий имло қоидаларини қайта кўриб чиқишни “кечиктириб бўлмайдиган вазифаларимиз” қаторига киритгани ҳам шундан.
Бугун тилнинг кучи нафақат унда сўзлашувчилар сони, балки рақамли оламдаги ўрни билан ҳам ўлчанади. Президентимиз 2025 йилги табригида таъкидлаганидек, “ҳаётимизда сунъий интеллект таъсири ортиб бораётган бир пайтда бу қудратли восита ёрдамида она тилимизни ривожлантириш ва тарғиб этиш – давр талабидир”.
Давлат ҳуқуқий пойдеворни яратди, аниқ дастур ва муддатларни белгилаб берди. Аммо энг мукаммал қонун ҳам кундалик ҳаётда ижро этилмаса, қоғозда қолади. Шу боис Президентимиз концепцияни 2025–2026 йилларда амалга ошириш дастурини ҳаётга жорий этишда “нафақат масъул ва мутасадди ташкилотлар, балки барчамиз фаол иштирок этишимиз зарур”лигини алоҳида таъкидлади. Бу ҳар биримиз учун аниқ вазифаларни англатади:
Марказ томонидан давлат органи ходимлари ўртасида Давлат тилини бойлигини кенг кўламда тарғиб этиш билан бир қаторда, ёзма саводхонликни янада юксалтириш ва ўзбек тилига бўлган эҳтиромни янги босқичга кўтариш мақсадида юртимиз бўйлаб “Умуммиллий диктант” лойиҳаси доирасида саводхонлик тадбирлари ўтказилмоқда. Лойиҳанинг ҳуқуқий пойдевори Президентимизнинг 2025 йил 20 октябрдаги “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини юқори савияда таъминлаш мақсадида лойиҳа ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди.
Шу боис, лойиҳани ташкил этиш ва юқори савияда ўтказиш масъулияти учта асосий ташкилот – Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига юклатилган. Ушбу идораларнинг қўшма қарори билан “Умуммиллий диктант”ни ўтказиш тартиби ва низоми тасдиқланди.
Шунингдек, ҳудудларда тадбирларни бевосита ташкил этиш ва мувофиқлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари зиммасига юклатилган.
Айтиш жоизки, 2026 йилнинг октябрь ойидан бошлаб ушбу лойиҳа ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб борилади. “Умуммиллий диктант”нинг асосий ғояси шунчаки ходимларнинг хатоларини топиш ёки уларни баҳолашдан иборат эмас. Унинг мазмун-моҳияти саводхонлик маданиятини кенг тарғиб қилишга йўналтирилган бўлиб, давлат хизматчиларига шахсий ўз-ўзини текшириш имкониятини берибгина қолмасдан ҳужжатларнинг хатосиз юритилишига ҳам эришилади.
Ҳозирги кунгача Марказ билан ҳамкорликда 30 дан ортиқ вазирлик, идора ва йирик ташкилотларда ҳамда уларнинг ҳудудий ва тизим бўлинмаларида “Умуммиллий диктант” лойиҳаси доирасида саводхонлик тадбирлари жуда юқори савияда ўтказилди. 70 дан ортиқ ташкилотларда эса ўтказилиши режалаштирилган.
Юртимизнинг кўплаб вазирлик ва идораларида саводхонлик тадбирлари юқори савияда ўтказилганлигини алоҳида таъкидлашимиз керак. Маҳмудхўжа Беҳбудий бобомиз бундан бир аср олдин “Келар замон учун ҳозирланайлик, ўтган замон учун эмас”, деб ёзган эди.
Давлат тили – ана шу келар замоннинг тили. Президентимиз Абдулла Авлоний бобомизнинг “тил – миллат руҳини юксалтирувчи буюк кучдир” деган фикрини эслатиб, шундай деган эди: “Она Ватанга муҳаббат ва садоқат – она тилига муҳаббат ва садоқатдан бошланади, десак, янглишмаган бўламиз”.
Пардахол НОРҚОБИЛОВА,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази бош мутахассиси.
ЎзА