21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни
Тил – миллат рамзи, таъбир жоиз бўлса, Ватан ифодаси. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида белгиланганидек, давлат тили — ўзбек тили ҳисобланади. Бу норма нафақат ҳуқуқий қоида, балки мамлакат суверенитети ва миллий бирлик рамзи сифатида аҳамият касб этади.
Қолаверса, тил халқнинг маънавий дунёси, тарихий хотираси, маданиятининг асосий йўлбошчиси саналади. Шу боис, мамлакатимизда давлат тилини ривожлантириш ва ҳимоя қилишга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилди. 12 жилдлик “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси”, 5 жилдлик “Ўзбек тили изоҳли луғати”, 20 жилдлик Алишер Навоий асарлари ва Навоий энциклопедияси чоп этилди. Турли телекўрсатувлар, нашрлар, давлат ҳужжатлари ва ҳудудий ташкилотларнинг иш юритуви ҳам ўзбек тилида олиб борилмоқда.
Айтиш жоизки, мазкур соҳа бўйича қонунчилик базаси ҳам такомиллаштирилди. Жумладан, 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун орқали ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. 1992 йилда қабул қилинган Асосий Қонунда бу мақом мустаҳкамланди. 1995 йилда мазкур Қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, давлат тилини ҳаётга татбиқ этишнинг ҳуқуқий асослари яратиб берилди.
Ўзбекистонда “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигига эришиш йўлидаги энг биринчи ва дадил қадамларидан бири бўлди. Ушбу Қонун қабул қилинганидан кейин икки йил ўтиб Ўзбекистон давлат мустақиллигини эълон қилди, демократик тараққиётнинг, ҳуқуқий давлат қуришнинг ўз йўлини танлади.
Эътибор беринг, 1991 йил 31 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида”ги Конституциявий Қонуннинг 16-моддасида белгиланишича, Ўзбекистон ўзининг тараққиёт йўлини, ўз номланишини белгилайди, давлат рамзлари: герби, байроғи, мадҳиясини тасдиқлайди, ўз давлат тилини ўрнатади. Ана шу Конституциявий Қонун, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик декларациясидаги принцип ва қоидалар 1992 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, унинг 4-моддасида ўз аксини топди.
Конституциянинг ушбу нормаси давлат органлари ва жамоат бирлашмалари фаолиятининг ҳуқуқий асосига айланган, 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида янада ривожлантирилди. Ўзбек тилининг конституциявий-ҳуқуқий мақомини ҳисобга олган ҳолда Олий Мажлис, Президент, Ҳукумат, давлат бошқаруви марказий органлари, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мажлислари, турли тадбирлари, йиғилишлар, шунингдек фуқаролар иштирокидаги йиғилишлар ўзбек тилида олиб борилади, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек ҳуқуқни қўллаш ҳужжатлари ўзбек тилида тайёрланади, муҳокама қилинади ва нашр этилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонунида, унинг асосида қабул қилинган қонуности ҳужжатларида конституциявий қоидаларни амалиётга жорий қилишнинг ташкилий, ҳуқуқий ва маънавий-маърифий механизмлари мустаҳкамланган. Хусусан, ўзбек тилининг бутун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат тили сифатида амал қилишининг энг муҳим ҳуқуқий қоидалари қонуний йўл билан белгилаб берилди, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан бепул асосда ўзбек тилини ўрганишнинг зарур шарт-шароитлари яратилди.
Яна бир гап. Конституцияда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган бўлса-да, республика ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлиш принципи ҳам ўз аксини топган.
Асосий Қонун ва тегишли қонунларда давлат тилининг қўлланилишига оид аниқ ҳуқуқий нормалар белгилаб қўйилган. Давлат тилини менсимаслик, унинг қонунга мувофиқ қўлланилишига тўсқинлик қилиш ҳолатлари учун жавобгарлик белгиланган (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс – 42-модда; Жиноят кодекси – 141-модда).
Давлат тилини ҳимоя қилиш билан бир қаторда, республикада яшовчи бошқа миллат ва элатлар тилига ҳам ҳурмат сақланади. Мамлакатимизда 157 та миллий маданият маркази, 7 та тилда таълим берадиган мактаблар фаолият юритмоқда. Журналистика ва адабиёт соҳаларида ўнлаб тилларда нашрлар чоп этилмоқда.
“Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида давлат тилининг нуфузини мустаҳкамлаш, уни замонавий соҳаларда кенг қўллаш, барча фуқароларда давлат тилига ҳурмат руҳини шакллантириш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Давлат тилидаги телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларнинг, ноширлик фаолиятининг, почта-телеграф жўнатмаларининг ҳажми кенгайди. Географик объектларнинг номлари, муҳрларнинг, штампларнинг, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган халқаро ташкилот ва муассасалар бланкларининг матни ўзбек тилида баён қилина бошланди.
Давлат тили Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг тилига айланди (“Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддаси). Конституцияда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши билан бирга, 4-моддада Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши белгилаб қўйилган.
Хусусан, “Давлат тили ҳақидаги”ги Қонунда кўрсатилишича, ўзбек тилига давлат мақомининг берилиши республика ҳудудида яшайдиган миллат ва элатларнинг она тилини қўллаш борасидаги конституциявий ҳуқуқларини чеклаб қўймайди, уларнинг тилларига ҳурмат руҳидаги муносабат таъминланади, шу тилларнинг ривожланиши учун шароит яратилади, шунингдек миллий гуруҳларнинг зич яшайдиган жойларида уларнинг тилида фаолият олиб борадиган мактабгача болалар муассасаларининг ташкил этилиши, давлат тилидан ташқари ўзларининг тилида умумий, касбий-техник, ўрта-махсус ва олий маълумотга эга бўлиши таъминланади.
Ушбу қоида халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган тамойиллари ва меъёрларига тўлиқ мос келади, хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг “барча халқлар, ирқий ва диний гуруҳлар ўртасида ўзаро тинч-тотувлик, ҳамжиҳатлик ва дўстона ёрдам бериш” каби қоида ва тамойилларини, турли миллат вакилларининг “жамият маданий ҳаётида эркин иштирок этиш, санъатдан завқланиш, илмий тараққиётда қатнашиш” каби ҳуқуқларини амалга ошириш механизмларини яратади.
Конституцияга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва нашр этилади, уларнинг таржимаси бошқа тилларда ҳам нашр этилади. Алоҳида миллатлар зич яшайдиган жойларда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг ҳужжатлари республиканинг давлат тили ва ушбу миллат тилида қабул қилинади ва эълон қилинади. Зарурат туғилганида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида иш юритишнинг давлат тилидан бошқа тилларга ҳам таржима қилиниши таъминланади.
Давлат тили, шунингдек иштирокчиларнинг ўзи танлаб олган тиллар Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро анжуманларнинг иш тиллари ҳисобланади. Меҳнат қилаётганларнинг кўпчилик қисми ўзбек тилини билмайдиган корхоналар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисобга олиш, статистик ва молиявий ҳужжатлар давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, “Таълим тўғрисида”ги Қонунига кўра, ҳар кимга миллати ва тилидан қатъи назар таълим олиш ҳуқуқи кафолатланади.
Конституция ва қонунлар талабидан келиб чиққан ҳолда, ҳозирги вақтда республикада таълим муассасаларида ўқитиш 7 та тилда амалга оширилади – ўзбек, рус, қозоқ, туркман, тожик, қорақалпоқ ва қирғиз тилларида, шунингдек айрим хусусий таълим муассасаларида инглиз тилида ҳам ўқитиш йўлга қўйилган. Мамлакатда 157 та миллий маданият марказлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари фаолият кўрсатмоқда. Маҳалий оммавий ахборот воситалари – газеталар, журналлар, электрон нашрлар, бадиий адабиётлар, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар ўндан ортиқ тилда нашр этилади ва олиб борилади. Масалан, “Народное слово”, “Правда Востока”, “Молодежь Узбекистана”, “Бизнес-вестник Востока” каби газеталар рус тилида, “Нурли жол” қозоқ тилида, “Овози тожик” тожик тилида чоп этилади. Қолаверса, қорақалпоқ тилида кўп газеталар нашр этилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида белгиланган нормаларни бузиш ҳолатлари қонунчиликда тегишли жавобгарлик чоралари билан мустаҳкамлаб қўйилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддаси (“Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш”)га мувофиқ, фуқароларга тарбия ва таълим беришда тилни эркин танлаш ҳуқуқини бузиш, тилдан фойдаланишда тўсқинлик қилиш ёки чеклаш, шунингдек давлат тилини, Ўзбекистонда яшовчи бошқа миллат ва элатлар тилларини менсимаслик ҳолатлари аниқланганда, белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 141-моддаси (“Фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини бузиш”)га биноан, фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ёки мавқеи каби белгиларга кўра ҳуқуқларини билвосита ёки бевосита бузиш, уларга афзаллик бериш ҳолатлари учун жавобгарлик белгиланган.
Бундай ҳуқуқбузарликлар учун қонунга мувофиқ:
БҲМнинг 50 бараваригача жарима,
уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш,
уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари,
ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари тайинланиши мумкин.
Агар мазкур ҳаракатлар зўравонлик қўлланилган ҳолда содир этилган бўлса, унда:
уч юздан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари,
икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари,
бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш,
ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Шуни таъкидлаш жоизки, ўтган 36 йил мобайнида мамлакатимизда давлат тилининг мақомини мустаҳкамлаш, шунингдек Ўзбекистонда истиқомат қилувчи турли миллат ва элатларнинг урф-одатлари ва анъаналарини сақлаш, уларни ривожлантириш учун зарур ҳуқуқий ва амалий шароитлар яратиш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, амалиётда давлат тилини намоён қилиш механизмини янада такомиллаштириш, унинг таъсир доирасини кенгайтириш, барча фуқароларни давлат тилини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш учун самарали механизмни яратиш давр ва ҳаёт талабига айланди. Ушбу масалаларнинг ҳал қилиниши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 13 майда қабул қилинган “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонини бажариш имконини беради. Ушбу Фармон илмий асосда она тилининг тарихий илдизини чуқур ўрганиш ва ҳар томонлама ривожлантиришни, уни қўллашни, биринчи навбатда фундаментал фанлар, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, адлия, дипломатия, ҳарбий иш каби фавқулодда муҳим соҳалар ва йўналишларда кенгайтиришни муҳим вазифа сифатида белгилаб берди.
Юртимизда яшайдиган халқлар маданиятини янада ривожлантиришга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 ноябрда қабул қилинган “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони ёрдам беради. Мазкур Фармон миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини изчил амалга ошириш ва янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади.
“Ўзбек тили байрами куни” арафасида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, таълим ташкилотларида ўзбек тилини ўқитиш тизимини такомиллаштириш, унинг софлигини сақлаш ва мунтазам бойитиб бориш, замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш, халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини кенгайтиришга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, давлат тили – бу шунчаки мулоқот воситаси эмас, балки миллий ғурур, давлат мустақиллиги рамзи, фуқаролик бирлиги асосидир. Унинг изчил ривожланиши, амалиётда тўлиқ татбиқ этилиши ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши — Ўзбекистонда демократик жамият қуриш йўлида муҳим устувор йўналишлардан биридир.
Шохрух МАЖИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди катта эксперти.
ЎзА