1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлиги томонидан Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази билан ҳамкорликда ШҲТга аъзо давлатлар болалари иштирокида “Табиатни биргаликда асрайлик” мавзусида Халқаро болалар расмлари кўргазмаси ташкил этилган эди.
Ушбу ижодий лойиҳадан кўзланган асосий мақсад болажонларнинг экологик саводхонлигини ошириш, табиатни муҳофаза қилиш, уларни тасвирий санъат ва бадиий ижодга бўлган қизиқишини юксалтириш, иқтидорли ёш рассомларни аниқлашдан иборат эди. Лойиҳа учун турли давлатлардан мингдан ортиқ ижодий ишлар келиб тушган бўлиб, уч юздан ортиқ расмлар Ўзбекистон мактабгача таълим муассасаларида тарбияланаётган болажонларнинг ижод намуналаридир.
“Табиатни бирга асрайлик” ижодий танловига ШҲТга аъзо давлатлардаги мактабгача ва мактаб таълими ташкилоти тарбияланувчиларидан келиб тушган расмлардан иборат катта кўргазма жорий йилнинг 30 май – 2 июнь кунлари Тошкент фотосуратлар уйида бўлиб ўтди.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан кўргазмада иштирок этган ва энг яхши деб топилган расмларнинг жажжи муаллифлари аниқланди. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлигида ташкилотчилар томонидан “Энг яхши мактабгача таълим ташкилоти”, “Энг яхши ёш қатнашчи”, “Энг фаол устоз”, “Энг яхши қорақалпоғистонлик қатнашчи”, “Энг фаол вилоят”, “Энг фаол тарбиячи” номинациялари бўйича ғолиблар аниқлангани эътиборлидир.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров, Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълим вазирининг биринчи ўринбосари, Мактабгача таълим агентлиги директори Агриппина Шин ва бошқалар мазкур кўргазмада болаларнинг борлиқни асраб-авайлашга оид муносабати ёрқин тарзда акс эттирилганини таъкидлади. Тадбирда мукофот ва дипломларни ўз эгаларига тантанали тарзда топширилди.

Айтиш жоизки, мамлакатимизда 30 июль – Халқлар дўстлиги куни арафасида турли тантана ва тадбирлар юқори савияда ўтказилаётган шу кунларда мазкур ижодий лойиҳа ҳам ўзига хос байналмилал руҳи билан аҳамиятли бўлди. Кўргазма учун тақдим этилган расмларга она-табиатни асраб авайлаш мавзуси болажонларнинг покиза қалби, беғубор нигоҳи, ёруғ ва самимий орзулари воситасида очиб берилгани билан диққатга сазовордир.
“Табиатни биргаликда асрайлик” мавзусида Халқаро болалар расмлари кўргазмасида:
“Энг яхши мактабгача таълим ташкилоти” номинациясида Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги 539-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Мадина Умрзокова (7 ёш), "Энг яхши ёш иштирокчи" номинациясида Беларусь Республикаси Гродно шаҳри вакили Артур Скоров (6 ёш) ғолиб бўлди. (Соврин Беларуснинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимига топширилди)
Шунингдек, "Энг фаол устоз" номинациясида Беларусь Республикасининг Бихов шаҳридаги "Москалькова Н.Т." номидаги давлат таълим муассасаси 3-умумтаълим мактаби ўқувчиси Дмитрий Губский (10 ёш), “Қорақалпоғистондан энг яхши иштирокчи” номинациясида Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманидаги 18-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Нурислом Артикбоев, “Энг фаол вилоят” номинациясида Навоий шаҳар 20-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Эъзоза Ҳикматова, “Энг фаол тарбиячи” номинациясида Хитой Халқ Республикаси Марказий Бадиий Академияси Болаларни эстетик тарбиялаш илмий маркази тарбияланувчиси Ву Сихан ғолиб деб топилди.
Тадбир давомида кейинги йилларда “Табиатни биргаликда асрайлик” мавзусида Халқаро болалар расмлари кўргазмасини ШҲТга аъзо давлатлардаги мактабгача ва мактаб таълими ташкилоти тарбияланувчилари ўртасида ҳамкорликда ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлиги ҳамда Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ўртасида меморандум имзоланди.
Тадбир якунида Тошкент шаҳридаги бир қатор давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари томонидан мусиқа ва рақс дастурлари намойиш этилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири