Ўн йиллик ислоҳотлар: халқ ва давлат ўртасида мустаҳкам кўприкка айланган маҳаллий Кенгашлар
Ўн йил – тарих тарозиси, қолаверса, мустақил Ўзбекистонимизнинг 35 йиллик босиб ўтган йўли фонида кичик бир фурсат бўлиб туюлиши мумкин. Бироқ, ушбу даврда амалга оширилган оламшумул ислоҳотлар ва эришилган беқиёс натижалар кўламига назар ташласак, сўнгги ўн йиллик мамлакатимизнинг замонавий тараққиёт тарихида туб бурилиш ва янги уйғониш даври сифатида муҳрланганига амин бўламиз.
Бу ютуқларни аҳолимизнинг кундалик турмуш тарзидаги ижобий ўзгаришлар, даромадларнинг ортиши, давлатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва хорижий экспертларнинг юксак эътирофида яққол кўриш мумкин. Хусусан, ўтган даврда барча соҳа ва тармоқларда кенг кўламли янгиланишлар амалга оширилди. Шубҳасиз, бунёдкорлик ва ислоҳотларнинг марказида давлатимиз раҳбарининг оқилона, қатъиятли ва узоқни кўзлаган ташаббуслари турибди.
Албатта, бу қисқа, аммо мазмунан ўта бой даврда эришилган улкан ютуқларни битта мақола доирасида тўлиқ қамраб олишнинг имкони йўқ. Шу боис, мамлакатимизда демократик тамойилларни чуқурлаштириш ва “халқ ҳокимияти” тамойилини ҳаётга татбиқ этишда муҳим бўғин ҳисобланган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини такомиллаштириш борасидаги туб ўзгаришлар ҳамда уларнинг ҳуқуқий-амалий аҳамиятига тўхталиб ўтишни лозим топдим.
Халқ вакили сифатида очиқ айтишим керакки, илгари маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли муаммоларини ҳал этишдаги ўрни кўпроқ расмий характерга эга эди. Масалан, 2017 йилга қадар маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари 20 тага ҳам етмасди. Бу эса депутатларнинг ўз сайловчилари олдидаги ваъдаларини тўлиқ бажаришига ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатишига жиддий тўсиқ бўлиб келган.

Шубҳасиз, сўнгги ўн йилликдаги изчил ислоҳотлар натижасида халқ вакилларининг бу борадаги ҳуқуқ ва имкониятлари кескин кенгайтирилди. Жумладан, маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари қарийб олти баробарга кўпайиб, 120 тадан ошди. Хусусан, уларга маҳаллий бюджетни шакллантириш ҳамда унинг ижросини назорат қилиш, шунингдек, маҳаллий солиқ ва йиғимлар ставкаларининг чегараланган миқдорларини белгилаш бўйича мутлақо янги, мустақил ҳуқуқлар берилди.
Энг муҳими, маҳаллий бюджетни шакллантиришда фуқароларнинг бевосита иштирокини таъминлайдиган “Ташаббусли бюджет” тизими чинакам халқчил амалиётга айланди. Бугунги кунда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан аҳоли томонидан илгари сурилган ва овоз бериш жараёнларида ғолиб чиққан энг долзарб лойиҳаларни молиялаштириш бевосита маҳаллий Кенгашлар қарори билан тасдиқланмоқда. Бу эса ҳар бир сўмнинг қаерга сарфланишини аҳолининг ўзи ҳал этиши ва депутатлар орқали уни қатъий назорат қилишини таъминламоқда.
Шу билан бирга, ижро ҳокимиятининг халқ вакиллари олдидаги ҳисобдорлиги тубдан кучайтирилди. Ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш аҳволи бўйича ички ишлар ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларининг маҳаллий Кенгашлар олдида даврий ҳисобот бериш тартиби қатъий йўлга қўйилди.
Илгари тумандаги прокуратура, ички ишлар ёки солиқ идораси раҳбарларининг фаолиятига оддий фуқаро у ёқда турсин, ҳатто маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳам аралаша олмас, бу идоралар фақат юқори турувчи органларга ҳисоб берар эди. Бугун эса мутлақо янги – очиқлик, шаффофлик ва талабчанлик даври келди. Ҳудудларни комплекс ривожлантиришга масъул бўлган ҳоким, прокурор, ИИБ ва солиқ раҳбарлари ҳар чорак якунида маҳаллий Кенгаш сессияларида шахсан ҳисоб бермоқда. Депутатлар уларнинг фаолиятига очиқдан-очиқ “қониқарли” ёки “қониқарсиз” деб баҳо бериб, камчиликларни бартараф этиш бўйича “Йўл хариталари”ни тасдиқламоқда. Бу – чинакам халқ назоратининг амалдаги кўринишидир.
Шунингдек, 2017–2021 йилларга мўлжалланган “Ҳаракатлар стратегияси” доирасида сиёсий партиялар депутатлик гуруҳларининг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтиришга қаратилган “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу эса Кенгашларда партиялараро соғлом рақобат ва сиёсий муҳокамалар муҳитини тубдан жонлантирди.
Эътиборли жиҳати, маҳаллий Кенгашлардаги сиёсий партиялар гуруҳлари шунчаки кузатувчи ёки формал бирлашмага айланиб қолмади. Бугунги кунда улар туман ёки шаҳар ҳокими лавозимига номзод кўрсатилганда, уни тасдиқлашдан олдин айнан партия гуруҳлари билан қизғин маслаҳатлашувлар ўтказиш, ҳатто ўз ишини эплай олмаган раҳбарларга нисбатан қатъий танқидий хулоса бериб, лавозимидан озод этиш бўйича ташаббус кўтариш ҳуқуқига эга бўлди. Қолаверса, қуйи бўғин – туман Кенгашларида фаоллик кўрсатиб, эл таниган жонкуяр депутатларнинг кейинчалик вилоят Кенгаши ёки юқори палатага йўл олиши учун мустаҳкам кадрлар захираси шакллантирилгани – сиёсий лифтлар қанчалик шаффоф ва тўғри ишлаётганини кўрсатади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, узоқ йиллар давомида вакиллик органларининг энг заиф нуқтаси – уларнинг ташкилий-техник жиҳатдан ҳокимликларга қарамлигида эди. Кенгашнинг иш юритиши, сессия кун тартибини тайёрлаш, қарор лойиҳаларини ишлаб чиқиш бевосита ҳокимлик аппарати ходимлари томонидан амалга оширилган. Бундай шароитда мустақил депутатлик назорати ҳақида гапириш имконсиз эди.
Ушбу тизимли муаммога барҳам бериш мақсадида дастлаб 2018–2019 йилларда Тошкент шаҳрида намунавий тажриба ўтказилди. Синов ўзини тўла оқлагач, 2020 йил 15 сентябрда қабул қилинган тегишли қонунга мувофиқ, мамлакатимиздаги барча вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашларида ҳокимликдан мустақил фаолият юритувчи, алоҳида юридик шахс мақомига ҳамда ўз штат бирликлари, молиявий ва ташкилий-техник таъминотига эга бўлган Кенгаш котибиятлари ташкил этилди. Бу билан вакиллик органининг ижро ҳокимиятига тобелигига бутунлай чек қўйилди.
Шунингдек, 2021 йил 1 декабрдан бошлаб маҳаллий Кенгашлар сессияларини ОАВ ва интернет, хусусан ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри онлайн узатиш амалиёти жорий этилди. Қабул қилинаётган ҳар бир қарорнинг очиқ эълон қилиниши бўйича қатъий талаблар ўрнатилди.
Ушбу ислоҳотнинг амалиётга татбиқ этилиши жамиятда шаффофликни таъминлаб, сайловчилар ва маҳаллий давлат ҳокимияти ўртасида тўғридан-тўғри ҳамда мустаҳкам ишонч кўпригини яратди. Эндиликда фуқаролар ва ижтимоий фаоллар ўз ҳудудига оид муҳим масалалар, бюджет тақсимоти ва қарорлар қандай қабул қилинаётганини бевосита кузатиш, ўзлари сайлаган депутатларнинг сессиялардаги фаоллиги ҳамда ташаббускорлигини холисона баҳолаш имкониятига эга бўлдилар. Бу ҳолат маҳаллий ижро ва вакиллик органларининг масъулияти ва ҳисобдорлигини бир неча баробарга ошириб, яширин келишувлар ва коррупциявий хавфларнинг олдини олишга ҳамда жамоатчилик назоратини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, бугунги кунда муаммолар ва стратегик қарорлар шинам кабинетларда, ёпиқ эшиклар ортида қабул қилинмаяпти. Аксинча, улар бевосита қуйидан, аҳолининг хоҳиш-иродаси ва кундалик эҳтиёжларидан келиб чиқиб шакллантирилмоқда. Масалан, замонавий рақамли технологиялар платформаси – “Mening fikrim” жамоавий мурожаатлар портали орқали фаол фуқароларимиз томонидан илгари сурилган долзарб ташаббуслар маҳаллий Кенгашларда мажбурий тартибда кўриб чиқилиши қонуний жиҳатдан қатъий мустаҳкамланди. Шунингдек, маҳалла раисларига ўз ҳудудидаги оғриқли масалаларни бевосита туман ёки шаҳар Кенгаши сессиялари муҳокамасига киритиш ҳуқуқи берилди. Бундай тизимли янгиланиш ҳар бир маҳалланинг овози юқори вакиллик минбарларида янграшини ва муаммоларнинг жойида ҳал этилишини таъминламоқда.
Шу билан бирга, 2023 йил 30 апрелда ўтказилган умумхалқ референдумида қабул қилинган Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси маҳаллий давлат ҳокимиятини ислоҳ қилишда янги даврни бошлаб берди.
Жумладан, Конституция даражасида мустаҳкамланган тарихий ўзгариш, бу шубҳасиз, ҳоким ва Кенгаш раиси мақомининг ажратилиши бўлди. Асосий Қонунимизнинг 120-моддасига асосан, ҳоким бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслиги қатъий белгилаб қўйилди. Илгари ҳоким бир вақтнинг ўзида ҳам ижро органи раҳбари, ҳам ўзини назорат қилувчи вакиллик органи раиси бўлиб, бу ҳолат очиқдан-очиқ манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқарар эди.
Шунингдек, Кенгашга депутатлар орасидан сайланадиган Раис бошчилик қилиши белгиланди. Вакиллик органининг холислигини таъминлаш мақсадида Кенгаш раиси ўз вазифасини бажариш даврида сиёсий партияга аъзолигини тўхтатиб туриши шартлиги мустаҳкамланди. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда Кенгаш раислари айни бир ҳудудда сурункасига икки муддатдан ортиқ ушбу лавозимни эгаллаши мумкин эмаслиги бўйича қатъий чеклов ўрнатилди.
Ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида маҳаллий Кенгашларга ўз ҳудудида “Кенгаш текшируви” ўтказиш ваколати берилди. Доимий ва муваққат комиссияларнинг фаолият доираси кенгайтирилиб, коррупцияга қарши курашиш, очиқликни таъминлаш, ижтимоий ва аграр соҳалардаги назорат кучайтирилди. Депутатлик сўровларига жавоблар мажбурий тартибда Кенгаш сессияларида муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилиниши йўлга қўйилди.
Қолаверса, сўнгги йилларда ҳудудларда давлат ташқи қарзи ҳисобидан амалга ошириладиган йирик лойиҳаларнинг ҳам маҳаллий Кенгашлар билан мажбурий тартибда келишилиши жорий этилди. Илгари четдан жалб қилинадиган йирик маблағлар тақдири фақат юқори идораларда ҳал этилар эди, ҳозир эса ҳар бир ҳудудга йўналтирилаётган ташқи инвестиция ва қарз маблағларининг мақсадли ҳамда самарали ишлатилиши бевосита маҳаллий депутатларнинг қатъий назорати остига олинди.
2025 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент фармони халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар хусусан, “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойилини рўёбга чиқаришда муҳим қадам бўлди. Ушбу фармон орқали 33 та функция ва ваколат ижро ҳокимиятидан маҳаллий Кенгашларга ўтказилди.
Эътиборли жиҳати, мазкур Фармон билан тақдим этилган кенг имконият ва имтиёзлар нафақат маҳаллий Кенгашларнинг ташаббускорлигини ошириш ҳамда уларни аҳоли муаммоларини ҳал этишда янада таъсирчан ва мустақил органга айлантиришга, шу билан бирга, бевосита халқимиз ва тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгандир.
Мисол учун, амалдаги тартиб бўйича вилоят ёки туман марказидаги эски корхона биносини ижарага бериш ва ижара ставкасини белгилаш ҳокимлар ваколатида бўлиб келган. Баъзан ҳокимларнинг вақти ва кайфиятига қараб бу жараён узоқ вақт талаб қилар эди. Энди бу жараён маҳаллий Кенгашларда кўпчилик овози билан ҳал бўлади. Депутатлар ўша ҳудуддаги бозор шароити, тадбиркорлар салоҳияти ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб, ижара тўловининг энг кам ставкаси бўйича ўзлари қарор қабул қилади. Бу – халқчил бошқарув сари ташланган навбатдаги амалий қадамдир.
Шунингдек, яна бир ваколатга кўра, маҳаллий Кенгашлар ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштиришга масъул этиб белгиланди. Эндиликда, депутатлар томонидан мазкур тоифадаги фуқароларни ишга жойлаштириш учун ҳар бир ташкилотда энг кам иш ўринлари сони белгиланиб, маълум бир иш ўрни захирага қўйилади ва уларга фақат ижтимоий ҳимояга муҳтожлар инсонларгина жойлаштирилади. Бу аҳоли даромадини ошириш ҳамда камбағалликни камайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, сўнгги ўн йилликдаги тизимли ва чуқур ислоҳотлар жамиятнинг вакиллик органига бўлган қарашларини ҳамда депутатларнинг сиёсий-ижтимоий мақомини тубдан ўзгартирди. Илгари сайловчилар ва кенг жамоатчилик кўз ўнгида депутат деганда кун тартибига киритилган масалаларга шунчаки “қўл кўтариб”, ижро органи томонидан тайёрланган қарорларни формал тасдиқлаб берувчи шахс гавдаланган бўлса, бугун бу борада бутунлай янги манзара ва соғлом муҳит шаклланди.
Эндиликда маҳаллий Кенгашлар ва депутатлар ўз сайловчилари ҳамда ҳудуд манфаатларини қатъий ҳимоя қиладиган, ижро ҳокимияти раҳбарлари олдига долзарб ва аниқ масалаларни қўя оладиган ҳақиқий халқ вакилларига айланди. Бугунги кун депутати аҳоли муаммоларини бевосита жойида ҳал этиш билан бирга, ўз сиёсий партиясининг дастурий мақсад ва вазифаларини амалиётга изчил татбиқ этадиган, ижро органи устидан таъсирчан назоратни амалга оширувчи етакчи кучга айланди.
Фаррух АБДУҲАМИДОВ,
Халқ депутатлари
Арнасой тумани Кенгаши депутати,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази эксперти.
ЎзА