Омонатларни кафолатлаш жамғармаси маблағлари 10,3 триллион сўмга етди
Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан “OKA MEDIA DIALOGUE: Ишонч, шаффофлик ва янги ташаббуслар” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этди.
Унда журналистлар ва блогерларга агентликнинг 2026 йилнинг тўққиз ойидаги фаолият натижалари, омонатчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда кафолатлаш тизимини такомиллаштириш борасидаги ишлари ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, 2026 йил 1 октябрь ҳолатига Омонатларни кафолатлаш жамғармаси маблағлари 10,3 триллион сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 37,7 фоизга ошди. Январь-сентябрь ойларида банклар томонидан 2,3 триллион сўм календарь бадал тўланди, инвестиция фаолиятидан эса 977 миллиард сўм даромад олинди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 42,6 фоизга кўп.
“Янги банк” АЖ бўйича кафолатлаш ҳодисаси юз берганидан кейин 11 иш куни ичида омонатчиларнинг 86 фоизига компенсация тўланди. 2026 йил 1 октябрь ҳолатига тўловлар жами 207,5 миллиард сўмни ташкил этди. Бу агент-банкка йўналтирилган маблағларнинг 99,4 фоизига тенг. Компенсация тўловларини амалга ошириш учун зарур маблағлар “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБга тўлиқ ўтказилди. Шунингдек, омонатчиларга тўланган компенсациялар суммасига тенг маблағлар “Янги банк” АЖ тугатиш комиссияси томонидан агентликка тўлиқ қайтарилди.

Омонатларни кафолатлаш агентлиги Жамоатчилик билан алоқалар, молиявий саводхонлик ва халқаро ҳамкорлик департаменти директори Шаҳзод Мирзакаримовнинг таъкидлашича, мазкур ташкилотнинг асосий вазифаларидан бири аҳолининг омонатларни кафолатлаш тизими, унинг шартлари ва хусусиятлари ҳақидаги хабардорлигини оширишдан иборат.
–Агентлигимизда бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларимизни тўлиқ ишга туширдик ва уларда тизим ҳамда ташкилот фаолиятига доир маълумотларни мунтазам эълон қилиб боряпмиз. Шунингдек, расмий веб-сайтимизни янгилаб, тест режимида ишга туширдик. Унда омонатчилар учун кафолатлаш тизими ҳақида маълумот берувчи махсус бўлимлар ташкил этилди.
Бундан ташқари, жамоатчиликнинг тизим ҳақидаги хабардорлик даражасини аниқлаш мақсадида мустақил компанияни жалб қилган ҳолда, республикамизнинг барча ҳудудларидан 2 минг нафар респондент иштирокида сўровнома ўтказдик. Унинг натижалари аҳолининг омонатларни давлат томонидан кафолатлашга ишончи юқори эканини, бироқ тизимнинг шартлари ва ишлаш тартиби ҳақидаги билимлар етарли эмаслигини кўрсатди.
Сўровнома натижалари асосида 2027-2030 йилларга мўлжалланган жамоатчиликни хабардор қилиш стратегиясини ишлаб чиқяпмиз. Асосий мақсадимиз эса аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш, омонатларни кафолатлаш механизмларини кенг тушунтириш ва фуқароларнинг банкларга омонат қўйишда тўғри қарор қабул қилишларига кўмаклашишдир, – деди Ш. Мирзакаримов.

Шунингдек, омонатчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган рақамли трансформация лойиҳаси Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) томонидан молиялаштириш учун танлаб олинди. Лойиҳани уч йил давомида 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари ҳисобидан амалга ошириш режалаштирилган.
Компенсация тўловларини амалга ошириш тартиби ва омонатчилар ҳуқуқларининг қонунчиликдаги кафолатлари ҳақида OKA Юридик хизмат ва методологик таъминлаш департаменти директори Муҳаммадбилол Носиров ҳам маълумот берди. Унинг таъкидлашича, агентлик банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш соҳасида ваколатли орган бўлиб, кафолатлаш ҳодисаси юз берганда омонатчиларга компенсация тўлаш орқали уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади.
–Қонунчиликка мувофиқ, бир банкдаги бир омонатчининг 200 миллион сўмгача бўлган омонати давлат томонидан кафолатланади. Кафолатлаш ҳодисаси Марказий банк томонидан банкнинг тегишли лицензияси чақириб олиниб, уни мажбурий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганда юзага келади. 2026 йилда компенсация тўловларини амалга ошириш муддати 15 иш кунини ташкил этса, 2027 йил 1 январдан бошлаб бу муддат етти иш кунигача қисқаради.
Омонатчиларга компенсация тўлаш учун Омонатларни кафолатлаш жамғармаси шакллантирилган. У банклар ва микромолия ташкилотларининг бадаллари ҳисобидан тўлдириб борилади. Бадаллар бир марталик, календарь ва махсус турларга бўлинади. Бир марталик бадал банклар учун 500 миллион сўмни, микромолия ташкилотлари учун эса 50 миллион сўмни ташкил этади. Календарь бадаллари миқдори ҳар бир иштирокчининг депозит базасидан келиб чиқиб ҳисобланади, – деди М.Носиров.

Тадбирда айтилганидек, агентлик омонатларни кафолатлаш тизими иштирокчилари реестрини юритади. Айни пайтда реестрга 35 та иштирокчи, яъни 34 та тижорат банки ва битта микромолия банки киритилган.
Очиқ мулоқот якунида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, исломий омонатларни кафолатлаш тизими концепциясини ишлаб чиқиш ҳамда 31 октябрь - Бутунжаҳон жамғариш куни муносабати билан танловлар ўтказиш режалари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА