“Омбудсман ва фуқаролик жамияти: ўзаро мулоқот ва ечимлар” платформаси иш бошлади
Омбудсман ташаббуси билан «Омбудсман ва фуқаролик жамияти: ўзаро мулоқот ва ечимлар» платформаси ишлаб чиқилди.
Платформанинг асосий мақсади – Омбудсман, фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчилик ўртасида доимий мулоқот ва маслаҳатлашув механизмини шакллантириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлашдир.
Платформа доирасида аҳоли мурожаатларида акс этаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ва таҳлил қилиб бориш, уларнинг ечимларини ишлаб чиқиш, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар тайёрланади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан ташкил этилган давра суҳбатида шу ҳақда маълум қилинди.

Фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ), жамоатчилик гуруҳлари вакиллари, адвокатлар иштирок этган тадбирда Омбудсман институти билан ҳамкорликда нодавлат нотижорат ташкилотлари ёпиқ муассасаларга мониторинг ташрифларини амалга ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳудудларда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳисса қўшиб келаётгани қайд этилди.
Хусусан, миллий превентив механизм доирасида жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов ҳибсхоналари, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларда маҳбус ва маҳкумларнинг ҳуқуқлари, сақлаш шароитлари, тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятлари ўрганилмоқда.

Фуқаролик жамияти вакиллари «Омбудсман мактаби», «Омбудсман соати», «Тенглик ва ҳурмат» платформалари, шунингдек ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган тадбирларда фаол иштирок этмоқда.
Учрашувларни мунтазам ўтказиб бориш, долзарб масалаларни муҳокама қилиш, улар юзасидан қонунчиликка таклифлар ва масъул давлат органларига тавсиялар киритиш бўйича фикрлар билдирилди.
Н.Абдураимова, ЎзА