Олтиариқда «Бир контур – бир маҳсулот» тамойили самара бермоқда
Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги Зилол маҳалласида «Бир контур – бир маҳсулот» тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларни иш билан таъминлаш ҳамда экспортбоп маҳсулот етиштиришда самара бермоқда.
Бугунги кунда маҳаллада 350 та замонавий ихчам иссиқхона фаолият юритмоқда. Давлат томонидан яратилган имкониятлар ва аҳолининг ташаббускорлиги туфайли иссиқхоначилик маҳалланинг асосий даромад манбаига айланди.
Тошлоқ ҳудудда ташкил этилган «Зилол миришкор деҳқонлари» корпорацияси томонидан 10,7 гектар майдонда 61 нафар ёш учун замонавий иссиқхоналар барпо этилди. Бу ерда помидор, бодринг ва кўчатлар етиштирилмоқда.
[gallery-30377]
Иссиқхоналарда энергия тежамкор технологиялар жорий этилган. Жумладан, термос усулида иситиш, томчилатиб суғориш тизими, қуёш панеллари ҳамда махсус тик қудуқлардан самарали фойдаланилмоқда. Бу ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш имконини бермоқда.
Етиштирилаётган маҳсулотлар ички бозор билан бир қаторда Россия ва қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда. Бу маҳалла аҳолиси даромадини ошириш ва экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Ҳудудда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида қўшимча 20 нафар ёш учун янги замонавий иссиқхоналар ташкил этиш режалаштирилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1V0pAmWZlTE" title="Oltiariqda «Bir kontur – bir mahsulot» tamoyili samara bermoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат ва видео), ЎзА