“Бир контур – бир маҳсулот” тамойили амалда
Бугун юртимизда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, маҳсулотлар етиштиришда “Бир контур – бир маҳсулот” тамойилининг йўлга қўйилганлиги ўз самарасини бермоқда.
“Агробанк” АТБ Навоий вилояти бошқармаси тасарруфидаги филиаллар томонидан вилоятнинг қишлоқ хўжалигига ихтисослашган 5 та ҳудуди - Кармана, Конимех, Қизилтепа, Навбаҳор ва Хатирчи туманларига бириктирилган масъуллар ҳамда ҳоким ёрдамчилари ҳамкорлигида “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида деҳқон хўжаликлари учун ажратилган контурларда даромадли экспортбоп намунали лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Кармана, Конимех, Қизилтепа, Навбаҳор туманларининг ҳар бирига 1 та контурда 10 гектардан ҳамда Хатирчи туманида 3 та контурда 10 гектарда турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. Мазкур майдоннинг 30 гектарида брокколи карам, 10 гектарида сабзи, 10 гектарида эса қизил лавлаги экилган.
– Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун “Агробанк” АТБ томонидан 1 миллиард 550 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратилди, – дейди Кичик бизнес субъектларига хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Нурбек Неъматов. – Жумладан, Хатирчи туманидаги “Оғабек Шамшоди омади” фермер хўжалигига ҳамда Навбаҳор туманидаги “Навбаҳор сайқали камоли” фермер хўжалигига 500 миллион сўмдан, Кармана туманидаги “Севолтепа Равнақи” фермер хўжалигига 300 миллион сўм, Қизилтепа туманидаги “Мева-сабзавотчилик агрегатори” МЧЖга 100 миллион сўм ҳамда Конимех туманидаги “Соҳиб” фермер хўжалигига 150 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари тақдим этилди.

Қайд этиш керакки, Навбаҳор туманининг Сарой маҳалласидаги “Навбаҳор сайқали камоли” фермер хўжалиги 10 гектар ер майдонига брокколи карам экилган бўлиб, ушбу маҳсулотдан 1 миллиард 750 миллион сўм даромад олиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Қизилтепа тумани Оқсоч маҳалласидаги “Мева-сабзавотчилик агрегатори” МЧЖда етиштирилаётган сабзи маҳсулотидан 600 миллион сўм даромад олиш режалаштирилган. Бу каби юқори даромад олиш бўйича Хатирчи ва Кармана туманларида ҳам барча чоралар кўрилмоқда.

– Фермер хўжалигимиз дала майдонларига қизил лавлаги экилган, – дейди “Соҳиб” фермер хўжалиги раҳбари Ғаффор Бозоров. – Ушбу қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун 10 нафар маҳаллий аҳолининг бандлиги таъминланган. Лавлагидан ҳар гектаридан 60-70 тонна ҳосил олиниб, битта ижарачи 100 миллион сўмгача даромад олиши режалаштирилган.
“Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида амалга оширилаётган ишлардан кўзланган асосий мақсад бозорларимизни сифатли озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда хорижий давлатларга экспортни йўлга қўйишдир.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари