Бухоро вилоятида АТ Халқ банки бошқаруви раисининг Аёллар тадбиркорлиги бўйича ўринбосари Гулзода Рашидова хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, қишлоқларда хотин-қизларни иш билан таъминлашда аёлларга ажратилаётган имтиёзли кредитлар, “Аёллар дафтари”га киритилган аёллар томонидан олиб борилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганди.
Вилоятда “Аёллар дафтари”га киритилган тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 7 минг 775 нафар хотин-қизнинг рўйхатлари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан шакллантирилди. Туман шаҳарлар кесимида Халқ банки ўринбосарлари томонидан тадбиркорлик қилиш истагида бўлган хотин-қизлар манзилли ўрганилди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлашда қийналаётган 2 минг 103 нафар хотин-қиз Савдо-саноат палатаси, “Тадбиркор аёл” уюшмаси, Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари томонидан тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилди.
“Аёллар дафтари”да бўлган 6 минг 456 нафар хотин-қизга 89 млрд. 752 млн. сўмда турли йўналишларда имтиёзли кредитлар ажратилди. Шундан, Халқ банки 4 минг 520 нафар фуқарога 68 млрд. 703 млн. сўм, Агробанк 1 минг 144 нафар фуқарога, 10 млрд. 372 млн. сўм, Микрокредитбанк 792 нафар фуқарога 10 млрд. 651 млн. сўм имтиёзли кредит ажратди.
[gallery-2991]
Кредит олишни рад этган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида 1 минг 319 нафари ишга жойлаштирилди. Шундан Бухоро шаҳрида 1 минг 101 нафар, Когон шаҳрида 37 нафар, Когон туманида 88 нафар, Олот туманида эса 93 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди.
Гулзода Рашидова “Бухоро ипак гиламлари” МЧЖда хотин-қизларга яратилган шароит билан яқиндан танишди. Корхонада 300 нафарга яқин аёл меҳнат қилади. Бу ерда табиий ипаклардан гилам ишлаб чиқарилади.
Шунингдек, Олот туманида қурилиши режалаштирилган Аёллар гузари жойлашадиган майдон ҳам кўздан кечирилди.
Мутасаддилар Олот тумани бош архитектори ва қурилиш бўйича масъул ходимлар билан биргаликда Аёллар гузарида қурилиши режалаштирилган маиший хизмат кўрсатиш объектлари, уларда хотин-қизларга яратиладиган қулайлик ва шарт-шароитлар ҳақида фикрлашди.
– Гузар 3 қаватдан қурилади, – дейди АТ Халқ банки Бухоро вилояти филиали бошқарувчисининг ўринбосари Наргиза Латипова. – Мажмуада қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, аёлларга хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият кўрсатади.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА