Банк кўмагида аёллар орзулари ушалмоқда
Бухоро вилояти Бухоро туманида 1 минг 595 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари” га киритилган. Улардан 1 минг 142 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз аёллар. Кредит олиш истагидаги аёллар сони 23 тани ташкил этади.
– Рўйхатдаги барча аёлларга имтиёзли кредитлар ажратилди, –дейди АТ Халқ банки Галаосиё филиали Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича бошқарувчи ўринбосари Ойдин Рўзиева. – Бундан ташкари, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз 202 нафар аёлларга ҳам имтиёзли кредит берилди. Имтиёзли кредитларнинг 126 таси иссиқхоналар қуриш, 40 таси тикувчилик соҳасига, 13 таси паррандачилик учун, 12 таси чорвачилик, 7 таси нон ва миллий ширинликлар ишлаб чиқариш, 2 таси хизмат кўрсатиш ва 2 таси асаларичилик учун ажратилди. Натижада туманда 202 та янги иш ўрни яратилди. Бугунги кунда ажратилган имтиёзли кредитлар тўлиқ мониторинг қилиб борилмоқда. Шунингдек банк томонидан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 16 нафар аёлларга наслли чорва моллари олиб берилмоқда.
Гулноза Баротова иккинчи гуруҳ ногирони. “Аёллар” дафтарига киритилган Гулноза турли хил пишириқлар пишириш ҳадисини олган.
– Банкдан 30 миллион сўм имтиёзли кредит олдим, – дейди Гулшанобод маҳалла фуқаролар йиғини Оқработ қишлоғида яшовчи Гулноза Баротова. – Ҳунаримни ишга солиб ҳовлимда кичик қандолатчилик цехини очишга аҳд қилдим. Имтиёзли кредитга хамир қорадиган ускуна, электропеч, ҳар хил қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган қолиплар, катта стол сотиб олдим. Айни кунда 10 турдаги қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаряпман. Икки кишини ишга олганман. Маҳсулотларимиз харидоргир. Айни кунда ҳудудимиздаги савдо дўконларига тарқатяпмиз.
[gallery-2450]
– Қандолат маҳсулотларини тайёрлашни ўрганиб, Россиянинг Владивосток шаҳрида малака оширдим, – дейди цех ишчиси Шаҳноза Баратова. –2 нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим сартарош. Бегона юртларда оилам, фарзандларимдан узоқда ишлаб юргандим. Айни кунда қишлоғимизда очилган цехда фаолиятимни давом эттиряпман. Ўзимни юртимда оилам бағрида меҳнат қиляпман. Бундан жуда ҳам хурсандман. Ҳар ой 1 миллион 800 минг сўмгача меҳнатимга ҳақ оляпман. Бу цехда тўй ва маъракалар учун буюртмалар ҳам қабул қиляпмиз. Шогирдлар ҳам тайёрлаяпмиз.
– Мактабни битириб қўшнимиз ташкил этган цехда пишириқлар тайёрлашни ўрганишга келдим, – дейди Сарвиноз Мустафоева. – Ҳозирда шогирд бўлиб турли хил пишириқларни пиширишни ўргандим. Режаларим катта. Мен ҳам ўзимни цехимни очиб, фаолиятимни бошламоқчиман.
Гулноза Баротованинг мақсади улкан. У ҳовлисидаги ташландиқ жойдан нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган новвойхона қурмоқчи. Новвойхонада қишлоғидаги ишсиз аёлларни иш билан таъминлашни мақсад қилган.
Зариф Комилов,
Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА