Олийгоҳда маънавий-маърифий тадбир
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилояти бўлими ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили ҳамкорлигида Қарши шаҳридаги Иқтисодиёт ва педагогика университетида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Ёшлар ўртасида она тилимизга бўлган ҳурмат ва эҳтиромни юксалтириш, ўзбек тилининг миллий қадриятларимиз ва маънавий меросимиздаги ўрнини кенг тарғиб қилиш ҳамда китобхонлик маданиятини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган тадбирда таълим муассасаси педагог ходимлари ва бир гуруҳ фаол талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбир давомида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги аҳамияти, унинг бой тарихи ва бугунги кундаги нуфузи ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларнинг билим ва дунёқарашини кенгайтиришда китоб мутолаасининг ўрни алоҳида таъкидланди.


Тадбир якунида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилояти бўлими томонидан фаол иштирок этган талабаларга китоблар совға қилинди. Ушбу ташаббус талаба-ёшларни рағбатлантириш, уларнинг китобхонликка бўлган қизиқишини ошириш ҳамда билим олишга интилишини қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири