Олий таълимдаги ислоҳотлар самара бермоқда
Бугун мамлакатимизда инсон қадри, унинг билим олиши, касб эгаллаши ва ўз салоҳиятини тўла намоён этиши учун барча шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда.
Сўнгги йилларда олий таълимни қамров жиҳатидан кенгайтириш билан бир қаторда, унинг мазмунини янгилаш, таълимни меҳнат бозори эҳтиёжларига яқинлаштириш, янги таълим шаклларини жорий этиш ва ёшларнинг касбий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айни пайтда Навоий давлат университетида 16 839 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 13 209 нафари қизлар, 3 630 нафари ўғил болалардан иборат. Уларнинг 3 172 нафари грант, 13 667 нафари эса тўлов-шартнома асосида таҳсил олмоқда.

– Бугунги кунда таълимнинг босқичма-босқич давомийлиги таъминланмоқда. Даргоҳимизда ёшлар учун олий маълумот олиш билан бирга, муайян мутахассислик бўйича билимларни янада чуқурлаштириш ва илмий салоҳиятини ривожлантириш имконияти ҳам мавжуд, – дейди университет ректори Муҳиддин Калонов. – Университетда 55 та бакалавриат таълим йўналиши ва 37 та магистратура мутахассислиги мавжуд бўлиб, 15 855 нафар талаба бакалавриат, 984 нафар талаба магистратура босқичида таҳсил олмоқда. Замонавий меҳнат бозорида умумий маълумотнинг ўзи етарли эмас. Иш берувчи аниқ касбий кўникма, таҳлилий фикрлаш, рақамли саводхонлик, ташаббускорлик ва ўз соҳасини чуқур билишни талаб қилади. Шу нуқтаи назардан магистратура таълимининг ривожланиши инсон капиталининг сифатини оширишга хизмат қилади. Ислоҳотларнинг яна бир муҳим жиҳати таълим олиш шаклларининг диверсификация қилиниши. Навоий давлат университетида 9 547 нафар талаба кундузги, 3 419 нафар сиртқи, 2 059 нафар кечки, 574 нафар масофавий ва 256 нафар дуал таълим шаклида таҳсил олмоқда.

Бугунги меҳнат бозори шароитида масофавий ва дуал таълимнинг ривожланиши муҳим аҳамиятга эга. Дуал таълим назарий билим билан амалий фаолиятни бирлаштирса, масофавий таълим рақамли технологиялар имкониятларидан фойдаланган ҳолда таълим олиш доирасини кенгайтиради. Бу эса “таълим – меҳнат – амалиёт” ўртасидаги узвий боғлиқликни кучайтириш учун муҳим асос бўлади.

Вилоятнинг саноат, кон-металлургия, энергетика, қурилиш, иқтисодиёт ва бошқа соҳалардаги ривожланиши юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни доимий равишда ошириб бормоқда. Демак, олий таълим муассасаси фақат билим берувчи ташкилот эмас. У ҳудуднинг интеллектуал ва кадрлар базасини шакллантирувчи стратегик институти ҳисобланади. Университетда бугун таҳсил олаётган талабалар эса эртанги кунда вилоят ва мамлакат иқтисодиётининг турли тармоқларида фаолият юритадиган мутахассислардир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири