Олий таълимда хорижий алоқалар янги босқичга олиб чиқилмоқда
Ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшадиган, меҳнат бозорида мустаҳкам ўрин топувчи юқори малакали мутахассислар тайёрлаш олий таълим тизими олдида турган бирламчи мақсадлардандир. Шу боис, кейинги йилларда илғор халқаро тажрибаларга таяниб, таълимнинг замонавий стандартларини татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, назарий билим беришдан амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган тизимга ўтилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш консепсияси бу борада дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатда соҳани такомиллаштиришнинг стратегик режалари ва устувор йўналишлари белгиланган. Унда инсон капиталини бозор талаблари асосида шакллантириш, халқаро андозалар даражасида креатив ва тизимли фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган кадрлар тайёрлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш масалалари ўз аксини топган. Айниқса, илм-фан соҳасида халқаро ҳамкорликни кучайтириш, хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш энг муҳим вазифалардандир.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 28-апрелдаги “Педагог кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, университетимиз республикада ушбу соҳа бўйича етакчи муассаса сифатида белгиланди. Фармон билан педагогик таълим дастурларини халқаро андозаларга мослаштириш ва таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича долзарб вазифалар қўйилди.
Шундан келиб чиқиб, Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетида таълим сифатини ошириш, ўқув дастурларини нафақат миллий, балки хорижий стандартлар асосида амалиётга татбиқ этишга эътибор қаратилмоқда. Бунда дунёнинг нуфузли таълим ташкилотлари, олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари кенгайтирилмоқда.
Яқинда университет делегатсияси Корея Республикасида бўлиб, бир нечта олий таълим муассасалари билан келишувларга эришди. Хизмат сафарининг дастлабки кунида Данкоок университети ва университет қошидаги Илмий-тадқиқот институти фаолияти билан танишилди. Манфаатли музокаралар якунида англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат асосида талабалар алмашинуви йўлга қўйилади. Бу орқали талабалар Кореяда билим олиш ва тажриба орттириш имконига эга бўлади. Бундан ташқари, профессор-ўқитувчиларнинг ўзаро малака ошириши ҳамда қўшма ўқув дастурларини ташкил этиш масалалари келишиб олинди.
Шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг бўлган “Табиий фанлар таълими” йўналишини йўлга қўйиш, замонавий ўқув-илмий лабораторияларни ишга тушириш ҳамда академик салоҳиятни юксалтириш мақсадида янги лойиҳа механизмлари кўриб чиқилди. Шунингдек, эндиликда магистратура босқичида “1+1” шаклидаги қўшма дастур жорий этиладиган бўлди. Бу магистрантларга ўқишнинг бир қисмини Кореяда давом эттириш имконини беради.
Яна бир муҳим жиҳат: Корея, Гонконг, Шветция, Финляндия ва Германия каби бешта давлат иштирокидаги глобал конференсияга 2026-йилдан бошлаб Ўзбекистон номидан Ўзбекистон Миллий педагогика университети вакил сифатида аъзо бўлади. Шу билан бирга, Корея миллий таълим университети талабалари Ўзбекистондаги мактаб, мактабгача таълим ташкилотлари ва педагогик олий таълим ташкилотларда ўз амалиётларини ўташлари бўйича келишувга эришилди.
Келишувларга кўра, Кореянинг Ҳанкёнг миллий университети билан 2026-йилдан бошлаб турли форматдаги (2+2, 1+1, 2+1) қўшма таълим дастурларини амалиётга жорий қилиш ҳамда университетимиз қошида “AI Smart Farm” (сунъий интеллектга асосланган ақлли ферма) лабораториясини ташкил этишга келишилди.
Дунёнинг кучли 500 талик рейтингидан жой олган Пусан миллий университети ҳамда Кюнгпоок миллий университети вакиллари билан ҳам самарали музокаралар ўтказилди. Унда бўлажак ўқитувчиларни тайёрлашда “Корея модели”ни университетимиз таълим йўналишларига татбиқ этиш, инклюзив таълим ва сунъий интеллект ёрдамида баҳолаш тизимини жорий қилиш, СТЕМ йўналишлари ва психология фанларини ривожлантиришга қаратилган грант лойиҳаларини амалга ошириш масалалари диққат марказида бўлди. Шунингдек, талабаларимизнинг қишки ва ёзги таътил даврида халқаро лойиҳаларда иштирок этишини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу стратегик келишувлар 2026-йилдан бошлаб университетда таълим сифатини жаҳон андозалари даражасига кўтаришга, ўқув жараёнига рақамли технологияларни чуқур интегратсия қилишга ҳамда талабаларимизнинг глобал меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис бўлиб етишишларига хизмат қилади.
Зафар Раҳмонов,
Низомий номидаги
Ўзбекистон миллий педагогика
университети ректори, ЎзА