Олий таълимда ҳамкорлик кенгаймоқда
Мамлакатимизнинг олий таълимида амалга оширилган ислоҳотлар аввало унинг жозибадорлигини оширди. Халқаро рейтинг агентликлари эса буни ўз вақтида эътироф этмоқда.
Шунинг учун ҳам бўлиб ўтаётган халқаро форумлар кун тартибига албатта шу соҳа масалалари киритиляпти. Масалан, Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Фарғона давлат техника университети ҳамда Жанубий Кореянинг "АҲА" компанияси ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Келишувга кўра, "АҲА" компанияси томонидан Фарғона давлат техника университети талабалари учун ҳар йили 10 та грант ажратилади. Шунингдек, дуал таълим, талабаларни амалиёт ва иш билан таъминлаш, ишлаб чиқаришда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда университет-саноат ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилади.

"АҲА" кўмагида ФДТУ ва Жанубий Кореянинг нуфузли Сеоултеч университети билан ўзаро фойдали лойиҳалар қабул қилинди. Хусусан, Сеоултеч томонидан ФДТУнинг 2 нафар талабаси учун грант ажратилди ҳамда таълим ва илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди. Булар шубҳасиз, талабаларга янги имкониятлар яратиш ва университетнинг глобал ҳамкорлик тармоғини кенгайтиришга хизмат қилади.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА