Олий суд: Ўзбекистон Аёл судьялар ассоциацияси фаолияти расман йўлга қўйилди
Олий судда «Мулоқотдан натижага, тажрибадан одил судловга» шиори остида Ўзбекистон Аёл судьялар ассоциацияси фаолиятининг расман иш бошлаши муносабати билан халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Олий суд раиси Робахон Маҳмудова мамлакатимиз суд тизими ҳаётида муҳим институционал воқеа – Ўзбекистон Аёл судьялар ассоциацияси фаолияти расман йўлга қўйилаётганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, мазкур ташаббус тўрт йил аввал Халқаро аёл судьялар кунига бағишланган конференцияда илгари сурилган бўлиб, бугун амалда рўёбга чиқди. Бу мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, гендер тенгликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсати ва халқаро ҳамкорликнинг амалий самараси экани таъкидланди.
Анжуманда гендер тенглиги суд тизими сифати жамоатчилик ишончи ва одил судлов самарадорлигининг муҳим омили экани қайд этилди. Шунингдек, Ассоциация аёл судьяларнинг касбий ва лидерлик салоҳиятини юксалтириш, устоз-шогирд анъаналарини ривожлантириш, ёш ҳуқуқшунос қизларни қўллаб-қувватлаш гендерга сезгир суд амалиётини такомиллаштириш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон ва хорижий давлатлар суд тизими вакиллари, халқаро ташкилотлар, давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари, дипломатик корпус ҳамда миллий ва халқаро экспертлар иштирок этди.
Муҳокамаларда гендер тенглик стандартларини миллий қонунчилик ва суд амалиётига татбиқ этиш, хотин-қизлар ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари учун одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда суд ҳокимиятига жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар гендерга сезгир суд тизимини шакллантириш бўйича халқаро илғор тажрибалар юзасидан фикр алмашиб, соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва узоқ муддатли стратегик тавсиялар ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Аёл судьялар ассоциацияси мамлакат суд тизимида гендер тенглик ва инклюзив ёндашувларни ривожлантириш мақсадида жорий йил март ойида ташкил этилган.
Н.Абдураимова, ЎзА