Аёллар одил судлов тизимида: мулоқот, ривожланиш ва адолат
Душанбе шаҳрида “Аёллар одил судлов тизимида: мулоқот, ривожланиш ва адолат” мавзусида халқаро конференцияси бўлиб ўтди.
Анжуманда Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғиз Республикаси, Россия Федерацияси суд органлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари қаторида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Малика Қаландарова бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Конференция доирасида ўтказилган сессияларда гендерга мослашган одил судлов тизимини ривожлантириш, одил судловни рақамлаштириш ва унинг одил судловга эришишга таъсири, аёл судьяларнинг салоҳиятини кучайтириш ҳамда дискриминация билан боғлик ишларда одил судловга ишончни ошириш масалалари кенг муҳокама қилинди.

Иштирокчилар аёл судьялар бирлашмаларининг суд тизими жозибадорлигини ошириш, аёлларни суд ҳокимиятига жалб қилиш ҳамда уларни ҳуқуқий ва институционал тарзда қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратди.
Шу билан бирга, кун тартибидан ўрин олган бошқа масалалар юзасидан делегатлар фикр алмашиб, судлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, алоқаларни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Конструктив ва дўстона муҳитда бўлиб ўтган анжуман якунида мавзуга доир хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА