Олий ўқув юртлари ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
Германиянинг Албстадт-Сигмаринген университетининг профессор-ўқитувчилари Кристиан Кайзер ва Ёзеф Кляйн бошчилигидаги делегация ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Наманган тўқимачилик саноати институтида бўлди.
Айни кунларда Наманган тўқимачилик саноати институтида ўқув жараёнлари “дуал” таълим тизими ва “4+2” дастури асосида ташкил этилмоқда. Яъни талабалар ҳафтанинг тўрт ўқиш кунида назарий билимларни олишса, қолган икки кун давомида билимлар амалиётда мустаҳкамланади. Бу орқали таълим сифатини ошириш асносида, ёшларнинг касбий кўникмаларини шакллантиришга эришилмоқда.


Делегация вакиллари вилоятнинг етакчи ишлаб чиқариш корхоналаридан бири ҳисобланган “Fazman textil” масъулияти чекланган жамиятда бўлиб, ишлаб чиқаришдаги жараёнларни кўздан кечирди. Ўрганишлар давомида “4+2” тизимини такомиллаштириш, таълим сифатини ошириш ва ўқитиш методикасини оптималлаштириш бўйича фикр-мулоҳазалар илгари сурилди.
Шунингдек, меҳмонлар институтнининг лаборатория марказлари ва дизайн студияларида ҳам бўлиб, машғулотларни олиб бориш ва тажрибалар ўтказиш учун келтирилган замонавий жихозлар, илмий-тадқиқот ишлари давомида кашф қилинаётган ихтиро ҳамда янгиликлар билан танишди.


Ташриф давомида профессорлар Кристиан Кайзер ва Ёзеф Кляйн томонидан Наманган тўқимачилик саноати институти талабалари учун семинар ташкил этилиб, унда қатнашган ёшлар Албстадт-Сигмаринген университетида талабалар алмашинуви дастурида иштирок этиш, халқаро лойиҳа ва танловларда “стартап” лойиҳаларини молиялаштириш бўйича тушунчаларга эга бўлди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири