"Лос-Анжелес-2028" Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган сузиш спорт турлари дастуридаги медаллар сони энг юқори кўрсаткичга эга бўлди.
Халқаро олимпия қўмитаси Ижроия кенгаши Халқаро сув спорт турлари федерациясининг таклифига кўра, Олимпия ўйинлари учун тарихий босқич бўлган эркаклар ва аёллар учун 50 метрга чалқанча сузиш, брасс ва баттерфляй мусобақаларини қўшишни расман маъқуллади.
Олимпиада тарихида биринчи марта сузиш бўйича 41 та медаллар жамланмаси ўрин олган бўлса, "Париж-2024" ва "Токио-2020"да 35 та медаллар жамланмаси учун баҳслар бўлиб ўтганди. "Лос-Анжелес-2028"да сув спорт турларининг янги йўналишлари қўшилиши натижасида 55 та медаллар жамланмаси ўйналиши тасдиқланди.

Халқаро сув спорт турлари федерацияси президенти Ҳусайн ал-Мусаллам Халқаро олимпия қўмитасининг ушбу қарорини олқишлаб, XXXIV ёзги Олимпия ўйинлари сув спорт турларининг инқилобий юксалиш даври бўлишини, бу ўзгаришлар тўрт йиллик ўйинларнинг иштирокчилари қаторидан ўрин олишга даъвогар миллий терма жамоалар сони яна 12 тага ошишидан далолат эканлигини таъкидлади.
Дарҳақиқат, яна уч йилдан кейин океан орти мамлакатида ташкил этиладиган ёзги Олимпия ўйинларида сув спорт турлари дастурига олтита йўналишнинг қўшилиши бошқа мамлакатлар қатори Ўзбекистон сузиш федерацияси вакиллари учун ҳам катта имкониятлар эшигини очиши билан аҳамиятлидир.
Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон сузиш федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов йиғилишида Олимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритиш борасида, муносиб натижаларга эришиш, маҳоратли спортчилар сафини кенгайтириш борасида мураббий ва мутахассислар олдига аниқ вазифалар белгиланганди.
Шу жиҳатдан, "Лос-Анжелес-2028"да сув спорт турлари дастурининг кенгайиши юртимиз сув спорт турлари вакилларига ҳам янгича руҳият бағишлайди, деган умиддамиз.
Ўтган йили "Париж-2024" Олимпиадасида сув спорт турлари бўйича мамлакатимизнинг 4 нафар спортчиси иштирок этганди.
Умид қиламизки, сув спорт турларида йўналишларнинг кенгайиши теграсида юртимиз спортчиларининг ҳам имкониятлари ортади.
Т.Рўзиев, ЎзА