Сув спорт турлари: Осиё чемпионатида Ўзбекистон спортчилари муваффақиятли иштирок этмоқда
Шу кунларда Таиландда сув спорт турларининг сузиш, сувга сакраш, сув полоси ва синхрон сузиш йўналишлари бўйича ёш гуруҳлари ўртасида ўтказилаётган Осиё чемпионатида Ўзбекистон спорт делегацияси аъзолари муваффақиятли иштирок этмоқда.
Қитъанинг энг кучли сув спорт турлари вакиллари жам бўлган чемпионатда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Муҳаммадисмоил Раҳмонов U18 ёш тоифасида 200 метрга брасс йўналишда сузиш дастурида 2:16.17 натижа қайд этиб, олтин медални қўлга киритди.
Маҳоратли спортчи қизимиз Паризод Абдукаримова 50 метрга чалқанча сузиш финалида 29.85 сония натижа билан 3-ўринни эгаллади. Шунингдек, Паризода 100 метр чалқанча сузиш финалида 1:04.17 кўрсаткич билан бронза медалига эга чиқди.

Таъкидлаш жоизки, Муҳаммадисмоил Раҳмоновнинг Осиё чемпионатида қўлга киритган олтин медали Ўзбекистон терма жамоасининг мазкур ёш тоифаларидаги илк ғалабаси эканлиги билан аҳамиятлидир. Буни юртимизда сув спорт турлари бўйича янги истеъдодлар бўй кўрсатаётганининг ёрқин ифодаси, дейиш мумкин.
Чемпионат доирасида сув полоси бўйича кечаётган баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муносиб ўйин намойиш этмоқда.

Аёллар ўртасидаги баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси Сингапур жамоасини 13:8 ҳисобида мағлуб этди.
Эркаклар ўртасидаги мусобақада ҳамюртларимиз аввалига Саудия Арабистони жамоасини 16:6 ҳисобида доғда қолдирган бўлса, иккинчи ўйинда Ҳиндистон терма жамоасини 22:15 ҳисобида мағлуб этди, бу, мусобақадаги кетма-кет иккинчи ғалабаси эканлиги билан эътиборли бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 12-Осиё чемпионати баҳслари 25 июлга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА