ОКМКда янги давр учун Жамоа шартномаси лойиҳаси муҳокама қилинди
Жорий йилда ОКМК Марказий аппаратида ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиянинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2025 йилда амалдаги Жамоа шартномасининг бажарилиши сарҳисоб қилиниб, 2026–2028 йилларга мўлжалланган янги Жамоа шартномаси лойиҳасини тайёрлаш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Йиғилишда асосий эътибор янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси талабларига мувофиқ равишда ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, улар учун яратилаётган ижтимоий кафолатлар ва имтиёзлар ҳажмини янада кенгайтиришга қаратилди.
Маълумки, жорий йилнинг январь – февраль ойларида комбинатнинг барча таркибий бўлинмалари ва корхоналарида амалдаги Жамоа шартномасининг бажарилиши ҳамда янги шартнома лойиҳасини муҳокама қилишга бағишланган конференция ва йиғилишлар ўтказилди. Ушбу жараёнда меҳнат жамоалари томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссияга тақдим этилди.
Муҳокамалар давомида Жамоа шартномаси лойиҳасини янада такомиллаштиришда очиқлик ва иштирокчилик тамойилларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ҳужжат лойиҳасини комбинатнинг барча таркибий бўлинмаларида ишчи-ходимлар иштирокида кенг муҳокама қилиш, ҳар бир ходимга ўз таклифини эркин билдириш имконини яратиш белгиланди.
Шу билан бирга, меҳнат шароитларини яхшилаш, иш ҳақини индексация қилиш, ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш ва соҳа фахрийларига қўшимча ижтимоий имтиёзлар яратиш каби муҳим масалаларга алоҳида урғу берилди.
Келиб тушган барча таклифлар комиссия томонидан чуқур ва ҳар томонлама ўрганилиб, Жамоа шартномаси лойиҳаси янада пухта ишлаб чиқилади. Ҳужжатнинг ҳуқуқий жиҳатдан мукаммаллигини таъминлаш мақсадида у жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда комбинат Юридик департаментига тақдим этилади. Бу эса шартноманинг ҳар бир банди амалдаги қонунчиликка тўлиқ мувофиқ бўлишини ва ходимлар манфаатларига хизмат қилишини таъминлайди.
Барча босқичлардан муваффақиятли ўтган ва пухта ишланган Жамоа шартномаси лойиҳаси комбинат меҳнат жамоасининг конференциясига маъқуллаш учун киритилади. Мазкур ҳужжат уч йил давомида ОКМК ва кўп минг сонли меҳнат жамоаси ўртасидаги ижтимоий шерикликнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси сифатида, ўзаро ишонч, барқарорлик ва тараққиётни таъминловчи, ҳар томонлама пухта ишланган устувор стратегик дастурга айланади.
Феруза Базарова,
ОКМК ходимлари касаба уюшмаси
Кенгаши раисининг иқтисодий масалалар
бўйича маслаҳатчиси.
ЎзА