ОКМК ва Миграция агентлиги ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди
Мамлакатимизда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш ҳамда фуқароларнинг ташқи меҳнат бозорларида рақобатбардошлигини ошириш мақсадида муҳим ҳужжат имзоланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ҳамда «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ ўртасида икки томонлама Ҳамкорлик келишуви расмийлаштирилди.
Мазкур келишувнинг асосий мақсади хорижда саноат, ишлаб чиқариш ва қурилиш соҳаларида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амага ошириш истагида бўлган фуқароларни хорижий иш берувчиларнинг талаблари ва халқаро стандартлар асосида тайёрлашдан иборат. Бу борада ОКМК Муҳандислик мактабида ташкил этиладиган махсус курслар муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади. Номзодлар ушбу курсларда хориж давлатлари стандартларига мос равишда тил ўрганиш ва касбий-малакавий кўникмаларини шакллантириш имкониятига эга бўладилар. Малака ошириш дастурини муваффақиятли тамомлаган фуқароларга хорижда иш топиш ва бандлигини таъминлаш борасида Агентлик ва ОКМК томонидан тизимли равишда консультатив ҳамда ахборот кўмаги кўрсатиб борилади.
Ҳужжатга кўра, Миграция агентлиги хорижий давлатлардаги бўш иш ўринлари ҳақида фуқароларни хабардор қилади, ўқишни битирганларни чет элга кетишдан олдин мослаштириш чораларини кўради ва Муҳандислик мактабига салоҳиятли иш берувчиларнинг танлов жараёнлари ҳақида маълумот тақдим этади.
«Олмалиқ КМК» АЖ эса ўз навбатида чет элда ишлаш истагидаги фуқаролар учун махсус ўқув дастурларини ишлаб чиқади ва унга юқори малакали ўқитувчи-мутахассисларни жалб этади.
Ушбу стратегик шериклик мамлакатимизда ташқи меҳнат миграцияси йўналишларини кенгайтириш ва юртимиз фуқаролари учун хавфсиз ҳамда кафолатланган меҳнат шароитларини яратишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Ахборот хизмати