Оила – жамиятнинг энг муҳим таянчи
“Адолат” СДП Навоий вилоят Кенгаши томонидан “Оилалар мустаҳкамлигини кафолатлайлик” акцияси доирасида тарғибот тадбирлари, очиқ мулоқотлар ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.
Навоий инновациялар университетида ўтказилган тадбирда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, эрта никоҳ ҳамда тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Тадбирда университет ректори Жўрабек Мавлонов, “Адолат” СДП Навоий вилоят Кенгаши раиси Мансуржон Хамидов, вилоят ИИБ масъул ходими Шокир Ҳазраткулов, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Навоий вилоят ҳудудий маркази директори Наргиза Эрмаматова ва бошқалар мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритиб, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган янги ташаббуслар жамият барқарорлиги учун муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Албатта, маҳаллалардаги низоли ва нотинч оилаларни аниқлаш, аёллар ва болалар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликка мойил шахслар билан профилактик ишлар олиб бориш орқали оилаларда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш мумкин.

Семинар давомида қизларнинг таълим олиши, касб эгаллаши ва мустақил ҳаётга пухта тайёргарлик кўриши муҳим эканлиги, шунингдек, 21 ёшдан кейин оила қуришнинг аҳамияти, эрта никоҳ ҳамда хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунчалар берилди.
Тадбирда бугунги кунда ёшларнинг онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларга берилиши айрим оилаларда жиддий муаммоларни келтириб чиқараётгани ҳам афсус билан қайд этилди.

Тадбир якунида оила муқаддаслигини асраш, соғлом ва барқарор оилаларни шакллантириш ҳар бир фуқаронинг муҳим бурчи экани алоҳида эътироф этилиб, акцияда фаол иштирок этишга чақирилди.
А. Бўриев, ЎзА