Оила мустаҳкамлиги – жамият барқарорлиги гарови
Бугунги кунда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, оила институтини мустаҳкамлаш ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида ҳам инсон манфаатлари, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, соғлом ва барқарор жамият қуриш мақсади турибди. Бу жараёнда оилаларни қўллаб-қувватлаш, миллий қадриятларни асраш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масалалари алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ана шу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, “Миллий тикланиш” демократик партияси Навоий вилояти Кенгаши ташаббуси билан “Оилавий ажримлар учун давлат божини ошириш: ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатлар” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққан ЎзМТДП Навоий вилояти Кенгаши раиси Тўлқин Аҳмедов, фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди судьяси Дилёра Аминова, вилоят адлия бошқармаси ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи Дилдора Каттаева ва бошқалар оилавий ажримларнинг олдини олиш масалалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда оилани жамиятнинг асосий бўғини сифатида мустаҳкамлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Чунки ҳар бир мустаҳкам оила барқарор жамият пойдеворидир. Ажримлар эса нафақат эр-хотин муносабатларига, балки фарзандлар тарбияси, маънавий муҳит ва жамият барқарорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
– Мазкур ташаббус “Миллий тикланиш” демократик партиясининг сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар билан ҳамоҳангдир, – дейди партия вилоят Кенгаши раиси Т.Аҳмедов. – Партия дастурида миллий қадриятларни асраш, оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларда масъулият туйғусини шакллантириш, маънавий тарбия ва оилавий муносабатлар маданиятини юксалтириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Очиқ мулоқот давомида мутахассислар ажримларни камайтиришда ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш, ёш оилаларга психологик ва ижтимоий кўмак бериш, маҳалла институти имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.

– Судларда ажримлар билан боғлиқ жараёнларда турли ҳолатларнинг гувоҳи бўламиз, – дейди фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди судьяси Дилёра Аминова. – Ортиқча вақтнинг кўплиги, эр ёки хотиннинг оилага эмас, кўпроқ виртуал ҳаётга боғланиб қолганлиги, вақтида турмуш ўртоғи билан гаплашмаслик, болаларнинг тарбиясига, ўқишига вақт ажратмаслик, яъни ишдан чарчаб келиб, бирданига телефонни олиб, ижтимоий тармоқларга шўнғиб кетиш, асосий масала – оиласига эътибор бермаслик ҳолатлари ҳозирги кунда долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Никоҳни бекор қилиш ҳолатларида бизлар нафақат судья сифатида, балки она ҳамда турмуш ўртоқ сифатида назар ташлаймиз ва қарор чиқаришга ҳаракат қиламиз. Кези келганда уларга ҳуқуқий ҳамда диний томондан ҳам маслаҳат берамиз. Яъни никоҳдан ажратишни эмас, уларни яраштириш чораларини кўрамиз. Бу эса ҳар битта оила билан алоҳида шуғулланишимизга, ҳаттоки суд мажлисларидан ташқари ҳам ўша оилани чақириб, улар билан алоҳида-алоҳида суҳбатлар олиб боришга, уларнинг ота-оналарини, қайнота-қайноналарини ҳам жалб қилган ҳолда уларни бу ботқоқликдан олиб чиқиш чораларини кўрамиз.
Тадбир иштирокчилари партиянинг мазкур ташаббусини қўллаб-қувватлаб, оилавий қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилган бундай мулоқотларни мунтазам ўтказиш зарурлигини таъкидлади.

Тадбир якунида оилавий ажримларнинг олдини олиш, маҳаллаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш ҳамда партия ташаббусларини тарғиб қилишда фаол иштирок этиб келаётган маҳаллалар фаолларига партиянинг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири