Огоҳлик ва ҳушёрликка чақирув
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгаши ҳамда Сирдарё тумани ички ишлар бўлимининг терроризмга қарши курашиш гуруҳи ҳамкорлигида Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги тасарруфидаги ҳарбий қисмда ёш ҳарбий хизматчилар ва аскарлар иштирокида маърифий йиғилиш ўтказилди.
Тадбирнинг асосий мақсади ёш ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий ва сиёсий саводхонлигини ошириш, уларнинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш ҳамда турли ёт ғоялар ва бузғунчи таъсирларга қарши ҳушёрликни кучайтиришдан иборат бўлди.


Йиғилишда глобаллашув шароитида юзага келаётган мафкуравий таҳдидлар, диний экстремизм ва терроризмнинг жамият хавфсизлигига таъсири, ахборот маконидаги хавф-хатарлар ҳамда уларнинг олдини олиш чоралари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш, уларда мустақил фикрлаш кўникмасини шакллантириш ва миллий қадриятларга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Мутахассислар ҳарбий хизматчиларга интернет ва ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланиш, қонунларга ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш, Ватанга садоқат ва фидойилик туйғуларини юксалтириш бўйича тавсиялар беришди.


Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олишди. Самимий муҳитда кечган суҳбат ёш ҳарбий хизматчиларнинг мавзу бўйича билим ва тушунчаларини янада бойитишга хизмат қилди.
– Мамлакат тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашда ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшларнинг огоҳлиги ва фаол фуқаролик позицияси муҳим аҳамиятга эга. Шу боис бундай маърифий тадбирлар ёшларни турли таҳдидларга қарши иммунитетли, маънан етук ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялашда муҳим ўрин тутади, – деди тадбирда иштирок этган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгашининг ҳарбий қисм ва муассасаларидаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўлими бошлиғи, капитан Фурқатжон Азимов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири