Оғир атлетикачилар Ўзбекистон кубоги учун курашга киришди
Бугун, 9 сентябрь куни пойтахтимиздаги Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази мажмуасида оғир атлетика бўйича катталар ва ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон кубоги баҳсларига старт берилди.
Кубок мусобақалари бошланиши олдидан Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Ш.Маҳмудов, Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази директори А.Низомиддинов спортчилар учун яратилган шароитлар ҳамда машғулот ва мусобақаларни ўтказиш учун ҳозирланган имкониятлар билан танишди.

Мусобақаларни белгиланган талаблар асосида юқори савияда ташкил этиш, спортчилар учун қулай ва муносиб шароитларни таъминлаш, шунингдек, беллашувларнинг ташкилий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратиш юзасидан масъулларга тегишли тавсиялар берилди.

Таъкидлаш жоиз, юртимизнинг энг кучли ёш оғир атлетикачилари иштирок этаётган мамлакат кубоги баҳслари терма жамоага муносиб номзодларни саралаш вазифасини ўтайди.
Айнан мазкур кубок баҳслари жорий йил Хитойнинг Нингбо шаҳрида ўтадиган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига саралаш мусобақаси эканлиги билан аҳамиятли саналади.
Шу билан бирга ёш оғир атлетикачилар кубок мусобақаларида жаҳон чемпионатига йўлланма олиш имкониятига эга бўлади.
Ўзбекистон кубогининг илк кунида эркаклар -60, хотин-қизлар -49 килограмм вазн тоифасидаги совринли ўринларга даъвогарлик қилади.
Мусобақалар 15 сентябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА