Оғир атлетика: Ўзбекистон кубогида рекордлар янгиланди
Пойтахтимиздаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида оғир атлетика бўйича ўтган ёшлар ва катталар ўртасидаги Ўзбекистон кубоги баҳслари тарихга айланди.
Кеча мамлакат кубоги мусобақаларининг сўнгги кунида тажрибали спортчимиз Ригина Адашбоева ўзининг юксак спорт маҳоратини яна бир бор намоён этди.
-86 кг. вазн тоифасида баҳс олиб борган Ригина силтаб кўтариш дастурида 134 кг., икки кураш якунига кўра, 242 кг. натижа қайд этиб, ҳар икки йўналишда катталар ўртасида Ўзбекистон рекордини янгилади.

Шунингдек, терма жамоамиз аъзоси Шарофиддин Амриддинов +110 кг. вазн тоифасида навбатдаги муҳим ғалабасини қўлга киритди.
Самарқанд вилояти шарафини ҳимоя қилган Ш.Амриддинов даст кўтаришда 192 кг., силтаб кўтаришда 232 кг., икки кураш якунига кўра, 424 кг. тошни бўйсундириб, катталар ўртасида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

Айтиш лозимки, Шарофиддин Амриддиновнинг мазкур натижаси билан сўнгги олти ой давомидаги натижадорлигини юксалтирди.
Ортда қолган мусобақалардаги кўрсаткичлар таҳлил қилинса, масалан, жорий йилги Ўзбекистон чемпионатида Амриддинов даст кўтаришда 181 кг., силтаб кўтаришда 215 кг. ва икки курашда 396 кг. натижа қайд этганди. Ўзбекистон кубогида бу натижалар мос равишда 11, 17 ва 28 килограммга яхшиланди. Айниқса, икки курашдаги 28 килограммлик ўсиш спортчимизнинг машғулот жараёнидаги изчил меҳнати ва халқаро майдондаги юқори натижаларга интилаётганидан далолат, дейиш мумкин.

Бу, ушбу вазн тоифасида жаҳон чемпионатларида, Олимпия ўйинларида юқори ўринларни эгаллаб келаётган Руслан Нуруддинов ва Акбар Жўраевга муносиб рақобатчи етишиб келаётганини англатмоқда.
Ўзбекистон кубоги якунларига кўра, катталар ўртасида Хоразм, Тошкент ва Сурхондарё вилояти жамоалари юқори ўринларни эгаллаган бўлса, ёшлар орасида Қашқадарё, Самарқанд, Хоразм оғир атлетикачилари ғалабага бўлган кучли иродасини намойиш этди.
Т.Рўзиев, ЎзА