Оғир атлетика: Ўзбекистон ва Қозоғистон спортчилари нуфузли мусобақаларга ҳамкорликда тайёргарлик кўради
Шу кунларда Чирчиқ шаҳрида оғир атлетика бўйича Ўзбекистон ва Қозоғистон аёллар терма жамоаларининг қўшма ўқув-машғулот йиғини давом этмоқда.
Мазкур йиғин давомида спортчилар мураббийлар раҳбарлигида маҳоратларини ошириб, ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўлмоқда.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон ва Қозоғистон оғир атлетика бўйича жаҳон спортида етакчи давлатлар қаторидан ўрин олган бўлиб, ҳар икки мамлакат вакиллари халқаро мусобақаларда мунтазам равишда юқори натижаларни қайд этиб келмоқда. Шу боис, икки терма жамоа иштирокидаги ушбу қўшма йиғин спортчилар ва мураббийлар учун катта амалий аҳамиятга эга.

Дўстона ва профессионал муҳитда ўтаётган машғулотлар спортчиларнинг техник ва тактик тайёргарлигини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, тажриба алмашиш орқали маҳоратни оширишга хизмат қилмоқда.
Куни кеча ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, қўшма машғулотлар тизимида самарадорликка эришиш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистон оғир атлетика федерацияси мутасаддиларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Спорт вазири, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Ш.Маҳмудов ва Қозоғистон оғир атлетика федерацияси вице-президенти Жамбулат Зиадин ўртасида ўтказилган мулоқот чоғида икки қардош мамлакат ўртасидаги спорт соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар оғир атлетикани янада ривожлантириш, терма жамоаларнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини ошириш ҳамда истиқболдаги йирик мусобақаларга биргаликда тайёргарлик кўриш бўйича фикр алмашди.
Ўзбекистонда ўтказилаётган қўшма ўқув-машғулот йиғинларининг самарадорлиги алоҳида эътироф этилиб, бундай йиғинларни келгусида хорижий мамлакатларда ҳам ташкил этиш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА