Оғир атлетика: Қозоғистонлик мураббийлар Ўзбекистонда
Ўзбекистон ва Қозоғистон оғир атлетикачилари ўрасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашишни ривожлантириш мақсадида кейинги йилларда бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, жорий йил ҳар икки мамлакат терма жамоалари иштирокида бир неча бор қўшма машғулотлар, амалий семинарлар, мусобақалар ташкил этилди.
Ўзбекистон оғир атлетика федерациясида Қозоғистон миллий терма жамоаси мураббийлар штаби аъзолари билан ўтказилган учрашувда мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.

Муҳокамалар чоғида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси бош котиби Олимжон Маҳмудов қозоғистонлик мутахассислар билан истиқболдаги ҳамкорлик йўналишларини кўриб чиқди.
Хусусан, ҳудудий ва халқаро мусобақаларга биргаликда тайёргарлик кўриш, қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, спортчилар ва мураббийлар ўртасида тажриба алмашиш йўналишидаги ишларни тизимли ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Учрашув жараёнида қозоғистонлик меҳмонлар Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси фаолияти, спортчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Таъкидланганидек, Марказий Осиё оғир атлетика мактаби бугунги кунда жаҳон спортида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда.
Шу нуқтаи назардан, минтақа спортининг, хусусан оғир атлетикачиларнинг жаҳон майдонидаги етакчилигини мустаҳкамлаш, икки давлат терма жамоалари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш келажакда жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинларидаги кўрсаткичларни янада яхшилашга хизмат қилиши билан аҳамиятли экани айтиб ўтилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА