Оғир атлетика: Ўзбекистон кубогида Қашқадарё ва Тошкент вилояти жамоалари етакчи
Бугун, 13 сентябрь куни пойтахтимиздаги Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида оғир атлетика бўйича давом этаётган Ўзбекистон кубоги баҳсларининг бешинчи кунги мусобақалари бўлиб ўтади.
Ёшлар ва катталар ўртасида ўтаётган мамлакат кубогининг бугунги баҳсларида хотин-қизлар -69 ва -77 кило оғирликда, йигитлар -95 килограмм вазн тоифасидаги баҳсларда иштирок этади.

Ортда қолган тўртинчи кунги мусобақалар сарҳисобига кўра, ёшлар ўртасидаги мусобақаларда 5 та олтин, 4 та бронза медаль жамғарган Қарши олимпия ва паралимпия спорт турлари маркази жамоаси етакчилик қилмоқда.

Катталар ўртасидаги баҳслар ҳолатида эса 4 та олтин ва 1 та кумуш медалга эга Тошкент вилояти оғир атлетикачилари турнир жадвалини бошқариб турибди.
Мусобақанинг учинчи кунги баҳсларида спортчилар ғолиблик учун бор маҳоратини ишга солиб, муросасиз беллашувларда куч синашди.

Шу йил Хитойнинг Нингбо шаҳрида ўтадиган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига саралаш мусобақаси саналган Ўзбекистон кубоги 15 сентябрга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА