Оғир атлетика: Кубок мусобақасининг илк кунида рекорд ўрнатилди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида фойдаланишга топширилган замонавий оғир атлетика зали ёш спортчиларга муносиб туҳфа бўлди.
Эътиборлиси, халқаро стандартларга мос тарзда жиҳозланган янги спорт мажмуаси илк бор катталар ва ёшлар ўртасида ўтказилаётган Ўзбекистон кубоги баҳсларига мезбонлик қилмоқда.

Қайд этиш керак, янги маскан юртимизда оғир атлетика спортини янада ривожлантириш, иқтидорли атлетлар учун муносиб шароитлар яратиш ва келажакдаги катта ғалабалар учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон кубогининг очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов мамлакат кубоги бу йил янги ва замонавий спорт залида ўтказилаётгани, халқаро стандартларга мос тарзда жиҳозланган замонавий оғир атлетика мажмуаси спортчилар учун қулай шароит яратиш билан бирга, йирик ва нуфузли мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш учун кенг имкониятлар яратишини таъкидлади.

Мамлакат кубоги баҳсларининг ортда қолган дастлабки куни нафақат шиддатли баҳслар, балки рекорд натижа билан ёдда қоладиган бўлди.
Мусобақанинг хотин-қизлар ўртасида -49 кг. вазн тоифасида кечган баҳсларида Қарши олимпия ва паралимпия спорт турлари маркази тарбияланувчиси Муниса Одилова силтаб кўтаришда 92 кг. натижа қайд этиб, ёшлар ўртасида Ўзбекистон рекордини янгилади. У икки курашда 165 кг. тошни бўйсундириб, умумий ҳисобда ҳам ёшлар ўртасида мамлакат рекордини ўрнатди.

Иккинчи кунги мусобақалар остонасида ёшлар ва катталар жамоалари ўртасида медаллар жамғариш бўйича Қашқадарё жамоалари 2 тадан олтин медаль билан етакчилик қилмоқда. Кейинги поғоналарни Сурхондарё, Тошкент, Навоий, Андижон вилоят жамоалари банд этди.
Бугун, 10 сентябрь куни Ўзбекистон кубогининг иккинчи кунги мусобақаларида йигитлар -65 ва -70 килограммда, оғир атлетикачи қизлар -53 кило оғирликда совринли ўринларга даъвогарлик қилади.
Кубок баҳслари 15 сентябрь куни якунланади.
Т.Рўзиев, ЎзА