ОФК Ижроия қўмитасида Осиё футболи истиқболи муҳокама қилинди
Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида Осиё футбол конфедерацияси Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти, ОФК Ижроия қўмитаси аъзоси Равшан Эрматов ҳам қатнашди.
ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал-Халифа раислигида ўтган мажлисда қитъа футболи ривожи, халқаро мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш ва миллий футбол ассоциациялари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Йиғилишдаги муҳим қарорлардан бири 2027 йилги Осиё кубоги тақдирига тааллуқли бўлди. Ижроия қўмитаси Мусобақани ташкил этиш қўмитаси томонидан қабул қилинган саналар ўзгаришини маъқуллади. Шунга кўра, Саудия Арабистонида ўтказиладиган қитъа биринчилиги 2027 йил 23 декабрдан 2028 йил 21 январга қадар давом этади.
Ушбу ўзгариш мусобақада иштирок этувчи жамоалар, футболчилар, мухлислар ва ҳамкорлар учун қулай шароит яратиш мақсадида амалга оширилгани таъкидланди.
Шунингдек, Бангкок шаҳрида ташкил этиладиган «AFC Awards Bangkok-2026» тақдирлаш маросимига тайёргарлик ҳамда соҳил футболи бўйича Осиё кубоги билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Мажлис якунида ОФК доимий қўмиталарининг фаолияти юзасидан тақдим этилган ҳисоботлар кўриб чиқилиб, тасдиқланди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА