Очиқлик ва шаффофликни таъминлашга эътибор кучайтирилмоқда
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тизимида коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ходимларнинг ҳуқуқий билим ва амалий кўникмаларини ошириш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда давлат харидларида очиқлик ва ҳалолликни таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Комплаенс хизмати бошқармаси бош мутахассиси Тўлқинбек Исмоилов иштирокида ўтказилган брифингда атрофлича маълумот берилди.
Таъкидланганидек, ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини ошириш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва давлат харидларида шаффофликни таъминлаш Комплаенс хизмати фаолиятининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.
Хусусан, 2025 йилда вазирлик тизимида коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, рақобат сиёсати ва коррупциявий хавфларни камайтиришга қаратилган 4 та ўқув дастури тасдиқланди. Улар доирасида марказий аппарат ва ҳудудий бўлинмаларнинг 814 нафар ходими Ўқув марказида ўқитилди. Шунингдек, вазирлик тизимидаги 1 минг 457 нафар ходим ва давлат харидлари бўйича 426 нафар масъул шахс махсус курсларга жалб этилди.
“Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформаси орқали эса 3 минг 455 нафар ходим, жумладан, янги ишга қабул қилинган 201 нафар ходим махсус курсларни тамомлади. Давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган вебинарларда 2 минг 661 нафар масъул ходим иштирок этди. Умуман, 2025 йил давомида вазирлик тизимида 669 та давра суҳбати, ўқув семинари ва бошқа тарғибот тадбири ўтказилди.
Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда. 2026 йил 16 апрелда 4 та ўқув дастури янгиланди. Йилнинг дастлабки олти ойида марказий аппарат ва ҳудудий бўлинмаларнинг 435 нафар ходими Ўқув марказида ўқитилди. Бундан ташқари, 603 нафар ходим ўқув курсларига қамраб олинди, виртуал академиянинг махсус курсларида 150 нафар ходим ўқитилди. Янги ишга қабул қилинган 19 нафар ходим ҳам махсус курсларни тамомлади.
Ҳисобот даврида коррупцияга қарши курашиш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мавзуларида 296 та давра суҳбати, ўқув семинари ва бошқа тарғибот тадбири ўтказилиб, уларда 5 минг 758 нафар ходим иштирок этди.
Коррупциявий хавфларнинг олдини олишда давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, вазирликда бюджет жараёнлари, давлат харидлари ва ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни очиқ эълон қилиш, ахборотларнинг тўлиқлиги ва ишончлилигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бу саъй-ҳаракатлар “Очиқлик индекси”даги натижаларда ҳам акс этди. Вазирлик 2024 йилда 62,9 балл билан 71-ўринни эгаллаган бўлса, 2025 йилда 79,2 балл билан 40-ўринга кўтарилди. Натижада кўрсаткич 16,3 баллга, рейтингдаги ўрин эса 31 поғонага яхшиланди. Вазирликнинг очиқликни таъминлаш бўйича фаолияти “яшил” тоифада баҳоланди.
Брифинг якунида қайд этилганидек, тизимда коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек, ходимларнинг ҳуқуқий билим ва масъулиятини оширишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади. Бу эса жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ва давлат бошқарувида ҳалоллик тамойилларини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА