SQBда коррупциянинг олдини олиш ва очиқликни таъминлаш чоралари кучайтирилмоқда
“Ўзсаноатқурилишбанк” 30 октябрь куни ўтказилган брифингда жорий йилнинг 9 ойи давомида коррупцияга қарши курашиш, ички назорат ва банк хизматлари шаффофлиги бўйича амалга оширилган ишлар сарҳисобини тақдим этди.
Банк Бошқарув раиси ўринбосари Абдурашид Ҳакимовнинг таъкидлашича, асосий эътибор қоидабузарликларни жазолашга эмас, балки хавфларни олдиндан аниқлаш ва бартараф этишга қаратилмоқда. Президентнинг 2025 йил 21 апрелдаги қарорига мувофиқ, банкда мустақил Коррупцияга қарши курашиш хизмати ташкил этилди. Хизмат ходимларининг ярмидан кўпи ҳудудларда ишлаши хавфларни эрта аниқлаш ва мурожаатларга тезкор муносабат билдириш имконини бермоқда.
Назорат ва мурожаатлар билан ишлаш
Тўққиз ой ичида махсус алоқа каналлари орқали 44 та мурожаат келиб тушиб, уларнинг 20 таси тасдиқланди. Ўтказилган 40 та хизмат текшируви натижасида 33 нафар ходимга интизомий чора кўрилди, 17 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинди, 13 та ҳолат бўйича материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида 5210 та декларация ўрганилиб, 202 та ҳолат аниқланди. Уларнинг 201 таси эҳтимолий, 1 таси эса мавжуд манфаатлар тўқнашуви деб топилди ва Одоб-ахлоқ комиссияси қарори билан бартараф этилди.
Хавфларни баҳолаш ва сўровнома натижалари
Банкнинг 21 та функцияси баҳоланганда, 11 та йўналиш паст, 9 таси ўрта ва 1 таси кредитлаш фаолияти юқори коррупциявий хавфга эга деб топилди. Бу жараёнда инсон омилини камайтириш ва назоратни кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Июнь ойида 2544 нафар респондент ўртасида ўтказилган аноним сўровнома иштирокчиларининг 56,4 фоизи ҳам айнан кредитлашни хавфли йўналиш сифатида кўрсатган. Шу билан бирга, иштирокчиларнинг 98,4 фоизи банк хизматлари шаффофлигини, 97,4 фоизи эса коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишларни ижобий баҳолаган.
Кадрлар салоҳияти ва рақамлаштириш
Ҳисобот даврида 3178 нафар ходим ўқув дастурларида қатнашди (уларнинг 631 нафари виртуал академиянинг махсус курсини тамомлади). Жами 52 та ўқув-тренинг ва 8 та ҳудудда 300 дан ортиқ киши қатнашган очиқ мулоқотлар ўтказилди.
Инсон омилини камайтириш ва шаффофликни оширишнинг асосий омили сифатида рақамли хизматлар кенгайтирилди: «SQB Mobile» фойдаланувчилари 3,4 миллион нафарга, «SQB Business» фойдаланувчилари эса 56,1 мингга етди. Шунингдек, банкнинг коррупцияга қарши курашиш тизими 2026 йил июль ойида ISO 37001:2025 халқаро стандарти бўйича қайта сертификатланди.
– Келгусида ҳам коррупциявий хавфларни эрта аниқлаш, кредитлашда ички назоратни кучайтириш ва рақамли хизматларни ривожлантириш орқали ҳар бир мижоз учун адолатли, очиқ ва ишончли муҳитни таъминлаймиз, – дея хулоса қилди Абдурашид Ҳакимов.
Банк ахборот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида