Очиқ мулоқот: мурожаатлар эътиборда, муаммолар ечимда
Бугунги кунда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, хусусан, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Зеро, Ватан ҳимоясидек шарафли ва масъулиятли вазифани адо этаётган ҳарбий хизматчининг ижтимоий ҳимояси, оиласи фаровонлиги ва келажакка бўлган ишончи юрт тинчлиги ҳамда мудофаа салоҳиятининг муҳим омилидир. Ана шу эзгу мақсадлар йўлида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан кенг қамровли оммавий сайёр қабул ташкил этилди. Унда Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия қўмондонлиги, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда бошқа куч тузилмалари масъул идоралари вакиллари ҳамкорликда иштирок этди.
Мазкур тадбирнинг асосий мақсади ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари билан юзма-юз мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни жойида ўрганиш, қонуний мурожаатларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш ҳамда имкон қадар амалий ечим топишдан иборат бўлди.
Очиқ ва самимий мулоқотлар давомида ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари томонидан ижтимоий ҳимоя, хизмат фаолияти учун яратилган шарт-шароитлар, нафақадаги ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, бандлик ва ишга жойлашиш каби долзарб масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди. Ҳар бир мурожаат масъул раҳбарлар томонидан алоҳида эътибор билан тингланиб, уларнинг мазмун-моҳияти чуқур ўрганилди.
Айниқса, ҳарбий фахрийлар билан ташкил этилган мулоқотлар тадбирга ўзгача мазмун бағишлади. Уларнинг бой ҳаётий тажрибаси, хизмат йиллари давомида орттирган билим ва кўникмалари, таклиф ҳамда ташаббуслари тингланиб, билдирилган фикрлар юзасидан тегишли муносабат билдирилди. Зеро, Ватанга сидқидилдан хизмат қилган инсонларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг меҳнатини қадрлаш ва муносиб ҳаёт кечириши учун шароит яратиш юксак эътибор ва эҳтиром намунасидир.
Сайёр қабул давомида давлат идоралари ва куч тузилмалари масъулларининг бевосита халқ билан учрашуви, муаммоларни жойида ўрганиши ҳамда масъулиятни ўз зиммасига олиши очиқ мулоқотнинг амалий самарадорлигини намоён этди.
Тадбир якунига кўра, 100 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи ва уларнинг оила аъзоларидан келиб тушган мурожаат кўриб чиқилди. Уларнинг қарийб 10 таси ижобий ҳал этилиб, қолган мурожаатлар эса тегишлилиги бўйича ҳамкор ташкилотларга йўналтирилди ва ижроси назоратга олинди
[gallery-32521]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА