Ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим қадам
Ватанга муҳаббат, юрт тақдирига дахлдорлик ва унинг тинчлиги ҳамда осойишталигини асраш масъулияти ёш авлод қалбида шаклланадиган энг улуғ фазилатлардандир.
Бугунги билимли, маънавий етук ва ватанпарвар ёшлар эртанги куннинг бунёдкорлари, мамлакат тараққиёти ва миллий армиямизнинг ишончли таянчидир. Ана шу эзгу мақсад йўлида Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабалари иштирокида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.

Тадбир давомида талабалар ҳарбий қисм ҳаёти, ҳарбий хизматчиларнинг кундалик фаолияти, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик жараёнлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар. Айниқса, “Битта аскар — битта касб” тамойили асосида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёшлар учун яратилган кенг имкониятлар, касб-ҳунар эгаллаш, замонавий билим ва кўникмаларни ўзлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, ҳарбий қисмда мавжуд қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар кўргазмаси ташкил этилиб, талабаларда катта қизиқиш уйғотди. Ёшлар ҳарбий соҳанинг ўзига хос жиҳатлари, замонавий армиямизнинг салоҳияти ҳамда ҳарбий хизматчиларга юклатилган юксак масъулият ҳақида тасаввурга эга бўлдилар.

Тадбирнинг бадиий қисми эса Маънавият ва маърифат марказида давом этди. Ҳарбий оркестр ва ижодий чиқишлар ҳамроҳлигида намойиш этилган концерт дастури иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашиб, Ватан, тинчлик ва мардликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар билан қалбларга эзгу туйғуларни жо этди.
Мазкур тадбир ёшлар ва ҳарбийлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, талабаларда миллий армиямизга нисбатан фахр ва ифтихор туйғуларини кучайтириш, уларни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этди.
Зеро, армия билан яқиндан танишган, унинг ҳаёти ва фаолиятини ўз кўзи билан кўрган ёшлар қалбида Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли бурчга ҳурмат янада ортади. Ватанпарварлик эса шунчаки сўз эмас, балки юрт равнақи, халқ тинчлиги ва келажак авлодлар тақдири учун масъулиятни чуқур ҳис этишдир.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири