Бугун Навоий шаҳри том маънода қурилиш ва бунёдкорлик марказига айланган. Ҳозир вилоят марказининг меъморий қиёфасини янада яхшилаш, ҳудудни ободонлаштириш, инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш, замонавий объектлар қуриш ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида 1098 гектар майдонда “Янги Навоий шаҳарчаси” қурилиши бошлаб юборилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 31 октябрь – 1 ноябрь кунлари вилоятга ташрифи давомида берган топшириқ ва кўрсатмалари, қолаверса, 2024 йил 12 декабрдаги “Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида аниқ дастурлар доирасида кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда.
Навоий шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилган пресс-тур давомида ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар ҳудудда олиб борилаётган ислоҳотлар, қарор ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Пресс-тур давомида шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Ўткир Ҳақбердиев томонидан лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти, амалга оширилаётган чора-тадбирлар, яратилаётган иш ўринлари ва қулайликлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Тадбир доирасида иштирокчилар Ислом Каримов шоҳ кўчасининг “Гулистон деҳқон бозори”дан вилоят ҳокимлигигача бўлган 2,8 км масофада босқичма-босқич жорий этилаётган 7/24 кўча лойиҳаси, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қилинаётган қулайлик ва замонавий инфратузилма лойиҳалари тўғрисида маълумотга эга бўлишди.
Лойиҳага кўра, кўча бўйлаб пиёдалар йўлаклари қурилиб, мавжуд фавворалар реконструкция қилинмоқда. Ёритиш тизими яхшиланиб, кўнгилочар объектлар, 60 дан ортиқ кўчма савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилаяпти. 50 дан ортиқ мавжуд савдо объектлари фаолияти кенгайтирилмоқда. Натижада қўшимча 120 та янги иш ўрни яратилади.
– Олиб борилган ишлар биз тадбиркорлар учун айни муддао бўлди,-- дейди “Шамс Навоий 2024” МЧЖ га қарашли тамаддихона иш бошқарувчиси Бахтиёр Сафаров. – Авваллари тамаддихонамиз олд қисмига стол-стулларни чиқариб хизмат кўрсатишга рухсат йўқ эди. Фақатгина ичкари қисмида хўрандаларга хизмат қилардик. Энди вазият ўзгарди. Тамаддихонамиз атрофини таъмирдан чиқариб, янада чиройли кўринишга келтирдик. Йўл қисми, пиёдалар йўлаги ҳокимлик томонидан таъмирланди. Ҳозир мижозларимиз сони ҳам сезиларли даражада ошди. Аҳолига сифатли хизмат кўрсатаётганимиздан биз ҳам, улар ҳам хурсанд.
Шунингдек, иштирокчилар “Навоий савдо комплекси” АЖ кириш қисмида қиймати 3,4 миллиард сўмлик лойиҳалар доирасида амалга оширилган ишлар билан танишдилар. Бу ерда ҳудуд замонавий кўринишга келтирилиб, кеча-ю кундуз фаолият олиб борган ҳолда халққа қулай савдо ҳамда хизмат кўрсатиш учун шароит яратилмоқда.
[gallery-24045]
– Айни пайтда 80 та ҳар хил турдаги енгил конструкцияли, жумладан, 40 та пайнет шохобчаси, 15 та тилла ва заргарлик дўкони, 5 та енгил тамадди қилиш дўкони, 1 та китоб дўкони, 11 та ҳар хил хизмат кўрсатиш шохобчаси ҳамда 8 та банкоматдан иборат савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилди, – дейди “Навоий савдо комплекси” АЖ директори Суръат Шарипов. – Бундан ташқари, ушбу объектлар атрофида фуқароларнинг дам олиши учун шароит яратилиб, ҳаракатланишлари учун йўлаклар, жумладан, ногиронлиги бўлган фуқаролар учун йўлаклар барпо этилди. Шунингдек, аҳолининг ўтириб ҳордиқ чиқариши учун “Кийим бозор” асосий кириш дарвозаси ёнидаги фонтан замонавий кўринишга келтирилди.
Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари