ОАВ вакиллари маҳаллийлаштириш дастури доирасида олиб борилаётган ишлар билан танишди
Навоий кон-металлургия комбинатида Маҳаллийлаштириш дастури доирасида маҳаллийлаштирилган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистлар учун Навоий машинасозлик заводига пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб иштирокчилар заводдаги Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети билан ҳамкорликда ташкил этилган Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва инновацион ривожлантириш марказида бўлишди. Бу ерда 2024 йилда университет кафедраси ташкил этилган бўлиб, талабалар назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштирган ҳолда олиб боришади.

Пресс-тур иштирокчилари йирик цехларда бўлиб, корхонада иш жараёнлари ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Заводнинг қуймачилик цехи корхонанинг асосий, таянч ишлаб чиқариш бўлинмаларидан бири ҳисобланади. Бу ерда 662 нафар муҳандис-техник ва ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Малакали мутахассислар меҳнати, замонавий технологиялар ва маҳаллийлаштириш имкониятларидан самарали фойдаланиш эса заводнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини янада юксалтиришга замин яратмоқда. Бу ерда асосан қуйма маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Қуймачилик цехида ўрнатилган 25 тонналик замонавий печь эса металл эритиш қувватини 30 минг тоннадан 35 минг тоннагача оширди.

– Асосий ишлаб чиқариш фаолиятимиз қора ва қисман рангли металлургия йўналишларини қамраб олган, – дейди цех бошлиғи Баҳрулло Қосимов. – Ишлаб чиқарилаётган қуйма маҳсулотларнинг асосий қисми комбинат эҳтиёжлари учун етказиб берилади. Жумладан, тегирмон футеровкалари, рудани қайта ишлаш технологиясида қўлланиладиган эҳтиёт қисмлар, карьер механизмлари учун зарур бўлган турли қуйма маҳсулотлар тайёрланмоқда. Жорий йилда цех олдига 35 минг тонна қуйма маҳсулот ишлаб чиқариш вазифаси қўйилган. Бунинг қиймати қарийб 850 миллиард сўмни ташкил этади. Бугунги кунда ойлик ишлаб чиқариш режалари тўлиқ бажарилиб, белгиланган кўрсаткичларга изчил эришиб келинмоқда.
Цехда рақамлаштириш жараёнларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилдан бошлаб пўлат эритиш печлари ҳамда термик ишлов бериш печларида рақамлаштириш дастурларини жорий этиш бўйича ишлар бошланган. Бу, ўз навбатида, технологик жараёнларни назорат қилиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва маҳсулот сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.

Навоий машинасозлик заводи Навоий кон-металлургия комбинатининг йирик бўлинмаларидан бири бўлиб, маҳаллийлаштирилган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича республикада етакчи корхона ҳисобланади. Бугунги кунда корхонада 3,5 минг нафардан ортиқ муҳандис-технологлар, металлурглар, механиклар, конструкторлар ва бошқа касб эгалари фидокорона меҳнат қилишмоқда.
– Заводимизда комбинат гидрометаллургия заводлари учун замонавий шарли тегирмонлар, гидроциклон ва конвеер қурилмалари, насослар, қуйилтиргичлар, ностандарт ускуналар, металлконструкциялар ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда, – дейди маҳаллийлаштириш бўлими бошлиғи Бахтиёр Тошпўлатов. – Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2025 йилда 103 та лойиҳа бўйича 1,1 триллион сўмдан ортиқ маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, 2026 йилда эса 123 та лойиҳа бўйича 1,8 триллион сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Заводда Механика-йиғув цехини техник ва технологик қайта жиҳозлаш натижасида оғирлиги 980 тоннагача бўлган тегирмонлар, янчиш ускуналари, насослар, қуюлтиргичлар ишлаб чиқариш ва уларни таъмирлаш, оғирлиги 400 тоннагача бўлган йирик ўлчамдаги жиҳозларга ишлов бериш имкони яратилди Гидравлика ускуналари ишлаб чиқариш участкасида полиуретан маҳсулотларини қуйиш учун янги қурилма ўрнатилди.

Янги ишлаб чиқариш объектларининг фойдаланишга топширилаётганлиги боис комбинат бўлинмаларининг металл конструкциялар, жиҳозлар ва эҳтиёт қисмларга бўлган эҳтиёжлари кундан-кунга ортиб боряпти. Натижада Механика-йиғув цехининг йирик ҳажмли дастгоҳларга ишлов бериш участкаси кенгайтирилмоқда. Замонавий дастгоҳлар ўрнатиладиган участкани жорий йил якунига қадар ишга тушириш мўлжалланган.
Иштирокчилар заводнинг станоксозлик цехида деталларга ишлов бериш жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Цехда 168 нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилади. Ишлаб чиқариш уч сменали тизимда ташкил этилган бўлиб, цех 24 соат давомида фаолият юритади. Бу эса буюртмаларни ўз вақтида бажариш, ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ва корхоналар эҳтиёжини узлуксиз таъминлаш имконини беради.
Жорий йилда цехга Германиянинг машинасозлик соҳасидаги етакчи “Капп Нилес” компаниясида ишлаб чиқарилган “ЗП-24” русумли дастгоҳ келтирилди. Ушбу замонавий дастгоҳ диаметр ўлчови 2,4 минг миллиметргача бўлган тишли ғилдиракларни силлиқлаш, оғирлиги 20 тоннагача бўлган йирик деталларга юқори даражада ишлов беришга мўлжалланган. Эндиликда заводда конвеер редукторлари, кон, шахта, карьер машиналарининг тишли ғилдираклари ва валларига янада аниқлик билан механик ишлов бериш имкони мавжуд. Натижада маҳсулотларнинг ишлаш муддати узайиб, улардан фойдаланиш жараёнида шовқин даражаси пасайишига эришиляпти.

– Ҳозир механик ишлов бериш участкасидамиз. Бу ерда станокларнинг эҳтиёт қисмларига ишлов берилади. Кейинги босқичда деталлар йиғиш участкасига ўтиб, барча жараёнлар якунида тайёр станок ҳолига келтирилади, – дейди станоксозлик цехи бошлиғи ўринбосари Йўлдош Кенжаев. – Цехда ишлаб чиқариш жараёни узлуксиз ташкил этилган. Корхона буюртмалари ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, турли деталлар тайёрланади, уларга механик ишлов берилади ва белгиланган технологик жараён асосида йиғилади. Айни пайтда 17 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Умуман, цехда 30 дан ортиқ турдаги маҳсулотларни тайёрлаш имконияти мавжуд. Бу ердаги ишлаб чиқаришнинг муҳим жиҳатларидан бири буюртмаларнинг турли корхоналардан келиб тушаётганидир. Жумладан, Олмалиқ кон-металлургия комбинати ва бошқа корхоналардан келиб тушган буюртмалар асосида зарур маҳсулотлар тайёрланмоқда. Шунингдек, “Навоийуран” корхонаси учун ҳам бир қатор турдаги станоклар бўйича буюртмалар қабул қилиниб, уларни тайёрлаш ишлари амалга оширилган.

Навоий машинасозлик заводида амалга оширилаётган ишлар корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш билан бирга, Навоий вилояти ва мамлакат саноати учун зарур бўлган машинасозлик маҳсулотларини ўзлаштириш, янги иш ўринлари яратиш ва ишлаб чиқариш кооперациясини янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Пресс тур давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири