6 апрель куни ижтимоий тармоқларда Нуробод тумани ҳокимлиги биноси олдига 6000 бош қўй ҳайдаб келингани ҳақида тарқалган видеолавҳа юзасидан Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси муносабат билдирди.
Унда қайд этилишича, Республика Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан “Самарқанд қоракўл кластер” МЧЖ корхонасига 151 минг гектар ҳамда “SP LUXE” МЧЖ қўшма корхонасига 197 243,4 гектар яйлов ер майдонлари ажратилган.
Кластер “SP LUXE” МЧЖ ва Қоракўлча массивида фаолият кўрсатаётган “Сохибкор Хожиакбар” фермер хўжалиги ўртасида 49 йилга 834 гектар яйлов ер майдонини ижарага олиш бўйича шартнома тузилган бўлиб, шартномада 1450 бош майда шохли молларни боқиш кўрсатилган бўлса-да, ушбу ер майдонида фермер хўжалиги раҳбари томонидан 4 мингдан зиёд чорва моллари боқилганлиги Қиличли маҳалласи фуқароларининг норозилигига сабаб бўлган ва кластернинг 1450 бош қўйлари маҳаллий аҳоли томонидан 2021 йил 6 апрель куни соат 16:00ларда туман марказига ҳайдаб келинган.
Шундан сўнг, туман ҳокими, туман ички ишлар бўлими бошлиғи бошчилигида “SP LUXE” МЧЖ қўшма корхонаси иш бошқарувчиси ҳамда фуқаролар билан йиғилиш ўтказилиб, “SP LUXE” МЧЖ раҳбари ва “Соҳибкор Ҳожиакбар” фермер хўжалиги ўртасида тузилган шартноманинг бекор қилиниши мутассаддилар назоратига олинди.
Биринчи навбатда, қишлоқ аҳолиси чорва моллари учун яйлов ажратилиши бўйича ҳам келишувга эришилгани баён этилган.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА