Нуриддин Қалқонов: Ўзбекистон – Жанубий Корея муносабатларида янги имкониятлар даври
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабатлар нафақат сиёсий-иқтисодий манфаатлар, балки тарихий ва ижтимоий яқинликка асослангани билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Бугун икки ўлка ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, таълим ва гуманитар соҳаларда кенг қамровли ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.
ЎзА “Дунёга назар” таҳлилий дастурида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси доценти, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Нуриддин Қалқонов Ўзбекистон – Жанубий Корея муносабатларининг ўзига хос жиҳатларига тўхталди.
– Мамлакатларимиз муносабатларининг бошқа ҳамкорлик йўналишларидан фарқли ўзига хос жиҳатлари бор. Аввало, халқларимиз ўртасида ижтимоий ва тарихий яқинлик мавжуд. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё давлатлари орасида айнан Ўзбекистон 2019 йилда Жанубий Корея билан муносабатларини алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарди.
Бунда бир нечта муҳим омилни кўришимиз мумкин. Биринчидан, Ўзбекистонда кўп сонли корейс диаспораси истиқомат қилади. Корейс миллати вакиллари мамлакатимиз ҳаёти, ижтимоий жараёнлар ва маданият билан чамбарчас боғланиб кетган. Бу эса икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг фақат дипломатик мулоқот билан чекланиб қолмай, халқлар ўртасидаги яқинлик асосида ҳам ривожланишига хизмат қилмоқда.
Иккинчидан, Корея Республикасининг тараққиёт тажрибаси юртимиз учун ўзига хос модель сифатида ҳам аҳамиятли. Чунки бу давлат тарихан қисқа давр ичида аграр иқтисодиётдан юқори технологик тараққиётга эришган мамлакатга айланди. Шу маънода, унинг саноатлашув, инновация ва технологик ривожланиш тажрибасидан Ўзбекистон тараққиётида ҳам самарали фойдаланиш мумкин.
Учинчидан, Жанубий Корея бугун Ўзбекистоннинг таълим ва ижтимоий соҳалардаги муҳим ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Ушбу йўналишлардаги алоқаларнинг янада кенгайиши икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янги ва юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ушбу интервьюни ЎзАнинг “YouTube” каналида кўришингиз мумкин.
Ў.Алимов, И.Исматов (видеомуҳандис),
ЎзА