
Маълумки, Тошкент вилояти шаҳарлар сони бўйича мамлакатимизда биринчи ўринда туради. Келажакда ушбу ҳудудлар мамлакатимиз пойтахти билан узвий боғланган ҳолда ривожланади.
Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашувда Нурафшон шаҳри яқин 10 йилда камида 200 минг аҳоли яшайдиган, замонавий ва аҳоли учун қулай, таълим, тиббиёт ва бизнес маркази бўлган шаҳарга айлантириш ҳақида айтиб ўтди.
Бунинг учун шаҳарда 30 минг аҳолига мўлжалланган замонавий “Янги Ўзбекистон” турар жой массиви барпо этилиб, унда 5 та мактаб, 12 та боғча, 2 та оилавий поликлиника ва жамоат парки қурилади. Шунингдек, 15 минг талабага мўлжалланган Нурафшон давлат университети ташкил этилади. Давлат-хусусий шериклик асосида 150 миллион долларлик замонавий кўп тармоқли тиббиёт маркази барпо этилади.
Номзод ўз сайловолди дастурида Нурафшон шаҳридан пойтахтга олиб борувчи йўллар кенгайтирилиб, алоҳида йўлакда тезюрар электробуслар қатнови ташкил этилиши хусусида ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди. Бу орқали 2 та шаҳар ўртасида иш ва ўқишга қатнайдиган аҳоли учун қулай ва мунтазам транспорт қатнови йўлга қўйилади.
ЎзА