Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашувда сўнгги йилларда амалга ошираётган туб ислоҳотлар, вилоятдаги шаҳар ва туманларга, олис қишлоқ ва маҳаллаларга янги ҳаёт, янги тараққиёт кириб келаётганини қайд этди.
Таъкидланганидек, Тошкент вилояти ташкил топганига 80 йил бўлса-да, ўзининг маъмурий марказига эга эмас эди. Бу эса ҳудудни комплекс ривожлантириш, аҳолининг меҳнат қилиши ва муносиб яшаши учун, жиддий муаммолар туғдирган.
– Шу сабабли яхши ниятлар билан ҳудуд марказини Нурафшон шаҳри деб ном бердик, – деди Шавкат Мирзиёев. – Нурафшон шаҳрида бошқа иншоотлар билан бир қаторда, вилоят аҳлининг муносиб дам олиб, маънавий ҳордиқ чиқариши учун замонавий истироҳат боғи, санъат саройи, тарих музейи, маънавият ва маърифат масканини ҳам барпо этамиз. Хумсон қишлоғида туғилиб ўсган тараққийпарвар олим, шоир ва таржимон Элбек “Миллатнинг нажоти – мактабда, муаллимда”, деб билган. Абдулла Авлонийнинг шогирди бўлган адиб, янги усулдаги кўплаб дарслик ва қўлланмалар яратган.
Учрашувда истиқлол фидойисининг номини абадийлаштириш мақсадида Нурафшон шаҳрида кўркам ва замонавий кутубхона барпо этиш ва уни Элбек номидаги вилоят марказий кутубхонаси сифатида ном бериш таклиф этилди.
Шу билан бирга, Тошкент вилоятининг ҳам ўз телерадиоканалини ташкил этиш вақти келгани айтиб ўтилди.
ЎзА