Ёшлар фестивали доирасида “Келажагимни ўз қўлим билан қўраман” шиори остидаги Тошкент вилояти Нурафшон шаҳар ёшларининг I анъанавий форуми ўтказилди.
Банд бўлмаган, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган 100 дан зиёд ёшлар иштирок этган тадбир “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” шиори остидаги юриш марафонидан старт олди. Сектор раҳбарлари бошчилигида шаҳарнинг марказий кўчалари бўйлаб ҳаракатланаётган ёшларга беиҳтиёр кенг жамоатчилик ҳам қўшилди.
Шундан сўнг шаҳар ҳокими Қаҳрамон Хакимов ёшларга “Ақлли шаҳар” лойиҳаси ва ҳудудда қурилиши режалаштирилаётган йирик ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектлар ҳақида тақдимот қилди. 2025 йилда якунланиши кўзда тутилган Нурафшон “Smart City” мажмуаси бўйича турли ҳил лойиҳалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Форумнинг навбатдаги босқичида ёшлар 4 та сектор раҳбарлари бошчилигида гуруҳларга бўлинган ҳолда шаҳардаги маъмурий бинолар ва замонавий ҳизмат кўрсатиш объектларига борди.
Хусусан, биринчи гуруҳ шаҳар ҳокими ҳамроҳлигида шаҳар ҳокимлиги, молия бошқармаси биноси ва Мудофаа ишлари бўлимига ташриф буюрди. Иштирокчиларга ҳокимликнинг барча йўналишлардаги масъул ҳодимлари уларнинг иш жараёни билан яқиндан таништирилди. Раҳбар ҳизмат хонаси, кун тартиби билан бевосита яқиндан танишиш ёшлар учун қизиқарли бўлди.
Форум доирасида барча иштирокчилар хусусий корхоналарга саёҳат уюштирди. Жумладан, мутахассислар томонидан лойиҳа қиймати 2 миллиард 250 миллион сўм бўлган “AGRO SAVDO XOLDING” ун ишлаб чиқариш корхонасида 6 та иш ўрни яратилиши белгиланган бўлишига қарамай ҳозир 45 нафар ишчи меҳнат қилаётгани қувонарли ҳол албатта. “NEMO COLLECTION” масулияти чекланган жамияти 2020 йилда ишга тушган эркаклар кийимларини ишлаб чиқариш корхонаси ҳисобланади. Жами 5 миллиард сўмлик инвеститцион лойиҳа натижасида тадбиркор аҳоли, айниқса, ёшлар учун 200 та янги иш ўрни яратган. Корхона рахбарлари форум қатнашчилари учун “Бизнес сирлари” мавзусида кичик мастер класс ташкил қилди.
Тушликдан сўнг форум иштирокчилари “Тонг” маданият марказида “Сектор раҳбарлари ва ёшлар” учрашувида қатнашди. Унда ёшлар ишга жойлашиш, ўқиш ва тўгараклар масалалари билан боғлиқ мурожаатлари кўриб чиқилди.
Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган ёшлар билан ишлашнинг янгича тизими бўйича Нурафшон шаҳарда 88 нафар ёшларни тадбиркорликка ўқитиш орқали уларнинг бизнес лойиҳаларини имтиёзли кредит асосида молиялаштириш режаси белгилаб олинган.
Форум доирасида Ёшлар ишлари агентлигининг шаҳар бўлими ҳамда шаҳар тадбиркорликка кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида “Келажагимни ўз қўлим билан қураман!” бизнес ўқув-амалий лойиҳасига старт берилди. Мазкур ўқув давомида ёшлар 48 соатлик машғулотларни ўзлаштириш натижасида имтиёзли кредит олиш учун Сертификатни қўлга киритиш имкониятига эга бўлади.
ЎзА