Нукуслик эр-хотиннинг суд қарорига эътирози ўринлими?
Журналистик суриштирув
Жиноят ишлари бўйича Шуманай туман судининг 2025 йил 26 майдаги очиқ суд мажлисида 26 нафар фуқарога оид жиноят иши кўриб чиқилиб, тегишли жазолар тайинланган эди. Суд ҳужжатларига кўра, ушбу шахслар ўзаро жиноий тил бириктириб, бир қатор фуқароларнинг ишончига кирган ва АТБ «Капиталбанк»нинг Нукус филиалидан фирибгарлик йўли билан кўп миқдордаги кредит маблағларини расмийлаштириб олган.
Ушбу жиноят иши кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судида кўриб чиқилди.
Асосий муаммо нимадан иборат?
Нукус шаҳрида яшовчи Б. Д. ва унинг рафиқаси Г. Ю. murojaat.gov.uz портали орқали мурожаат йўллаб, ўзларига тайинланган жазодан норозилик билдиришган. Мурожаатда уч ёшга тўлмаган икки нафар фарзанди бўла туриб, аёлга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлангани қай даражада асосли эканига ойдинлик киритиш сўралган.
Масаланинг моҳияти — жазо тайинлашда аҳамиятга эга бўлиши лозим бўлган оилавий аҳвол иш материалларида қай даражада акс этгани ва суд томонидан қандай баҳоланганини аниқлашдан иборат. Ушбу важни текшириш мақсадида жиноят иши бўйича суд мажлиси баённомаси ҳамда суд қарорлари ўрганилди.
Тақдим этилган баённома ва суд қарорларига кўра, суд мажлисида раислик қилувчи судланувчи Г. Ю.дан ўзбек тилини билиши ва вояга етмаган фарзандлари бор-йўқлиги ҳақида сўраган. Судланувчи ўзбек тилини тўлиқ тушунишини, бироқ вояга етмаган фарзандлари «йўқ»лигини билдирган ва бу кўрсатма баённомада қайд этилган. Демак, суд ҳужжатларида судланувчининг қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлигини тасдиқловчи маълумот ўз аксини топмаган.
Ҳақиқатдан ҳам мурожаатчининг уч ёшга тўлмаган фарзандлари борми?
Суриштирув давомида ушбу масалага аниқлик киритишга ҳаракат қилдик. Маълум бўлишича, Г. Ю.нинг ҳақиқатан ҳам 2022 йил 9 августда туғилган С. И. ҳамда 2024 йил 9 апрелда туғилган Р. И. исмли кичик ёшдаги фарзандлари бор экан.
Айтиш жоизки, фақат суд мажлиси баённомасидаги жавобнинг ўзига таяниб, судланувчининг оилавий аҳволига ҳуқуқий баҳо бериш етарли эмас. Мавжуд ҳужжатларга асослансак, Г. Ю.нинг уч ёшга тўлмаган икки нафар фарзанди борлиги ҳақидаги важ дастлабки суд мажлиси баённомаси ва ўрганилган суд қарорларида ўз тасдиғини топмаган. Бироқ бу ҳолат мурожаатдаги маълумотларни бутунлай асоссиз дейишга тўлиқ асос бўла олмайди — бунинг учун судланувчининг оилавий аҳволига оид бошқа тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам атрофлича ўрганиш талаб этилади.
Ахлоқ тузатиш ишлари жазоси кимларга қўлланилмайди?
Г. Ю.га нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлангани қонунийлигини баҳолаш учун ушбу жазо турларига оид қонунчилик талабларини эслаш лозим.
Таниқли ҳуқуқшунос Мирзаюсуф Рустамбоевнинг «Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига шарҳлар» китобида ва Жиноят кодексининг 46-моддасида белгиланишича, ахлоқ тузатиш ишлари жазоси:
пенсия ёшига етганларга;
меҳнатга қобилиятсиз шахсларга;
ҳомиладор аёлларга;
болани парваришлаш таътилида бўлган аёлларга;
ҳарбий хизматчиларга нисбатан қўлланилмайди.
Ушбу тоифадаги шахслар жиноят содир этган тақдирда, суд уларга нисбатан қонунда назарда тутилган бошқа жазо чораларини қўллаши шарт.
Суд қарорларида холислик ва ҳуқуқий аниқлик энг муҳим мезондир. Ҳар бир мавҳум ҳолат жамоатчиликда ҳақли саволларни келтириб чиқаради. Айниқса, бир иш турли инстанцияларда кўрилганда, қарорларнинг ҳуқуқий асослари очиқ ва тушунарли бўлиши лозим. Бундай вазиятда энг тўғри ёндашув — суд қарорларига фақат якуний натижага қараб эмас, балки уларнинг мазмуни, далиллар таҳлили ва қонун нормаларига мувофиқлигига қараб баҳо беришдир.
Ушбу мақола муайян шахсни айблаш ёки оқлаш мақсадини кўзламайди. Асосий мақсад — мурожаатда кўтарилган саволларга мавжуд ҳужжатлар доирасида холис ойдинлик киритиш, тасдиқланган фактларни тахминлардан ажратишдир. Зеро, одил судловга бўлган ишонч нафақат қарорларнинг қонунийлиги, балки уларнинг жамоатчиликка қанчалик тўғри ва тушунарли етказилишига ҳам боғлиқ.
Шу ўринда, мурожаатчилар ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий судига қайта шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканликларини эслатиб ўтамиз. Олий суд масъуллари ушбу масалага тегишли ҳуқуқий муносабат билдиради, деб умид қиламиз.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири