Инсон ҳақ-ҳуқуқлари ҳар бир миллатнинг ўзига хос тарихий анъана, расм-русум, урф-одатлари, одоб-ахлоқ қоидалари асосида шаклланади. Ўзлигига хос қарашлар билан миллий қадриятлар ўша миллатнинг менталитетига айланади.

Албатта бугунги жамият қонунлар асосида бошқарилади. Унда қонун устувор бўлиши, адолат ҳукм суриши лозимлиги каби мезонлар ҳам бор.

Ушбу мезонлар ҳар бир шахс манфаатига хизмат қилгани каби пировардида халқ ва миллат манфаатларига ҳам хизмат қилиш зарур. Акс ҳолда, миллий қадриятларга салбий таъсир этади, уларни емириб боради.

Ана шундай масалалар хусусида мушоҳада юритсак...

АЁЛЛАРГА НИСБАТАН ШИКОЯТЛАР...

Демак, 9 зарба:

  1. Аёл (хотин-қизлар)га нисбатан шикоятлар ортиб бормоқда.

Аёлидан алимент ундиришни сўраб судга мурожаат қилган эр, аёли алиментни ўз вақтида тўламаётганлигидан, судга ё мажбурий ижро бюросига нисбатан алиментни ўз вақтида ундириб бермаётганидан Порталга, Халқ қабулхонасига, Судьялар олий кенгашига, Бош прокуратурага мурожаатлар бўлмоқда. 

Бошқа бир мисолда суд томонидан хотинининг уйига киритиб қўйилган эр суд қарори ижро бўлмаётганидан турли ташкилотлар эшигини аёли устидан шикоят билан қоқади.

Амалиётда учраётган бу каби ҳолатлар учун асос, яъни асосий қонунимизга мувофиқ ...жинсидан қатъий назар барча қонун олдида тенгдир. Шу маънода эр ҳам хотиндан алимент ундириши мумкинлиги Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида, эр томонидан хотинининг номида бўлган кўчмас мулк – турар-жойга яшаш учун киритиб қўйишни сўраб судга талаб қўйиши ҳам Оила кодекси ҳамда Уй-жой кодекси асосида мумкиндир. 

 Хавотирга сабаб ҳолат, бу – эрлик ғурури, эркаклик мақомига доим собит туришимиз муҳимлигидадир...

2. Фарзандларининг ажримига бош-қош бўлаётган айрим тоифа ота-оналар:

«Судья суд мажлисига бизни киритмади» – ҳеч гувоҳи бўлганмисиз, фарзандларини судга ажрим учун етаклаб келаётган, суд мажлисида жанжал кўтариб бир-бирини ҳақорат қилаётган ҳамда судьядан фарзандларининг ажримини муддат бермасдан ҳал этишни талаб қилаётган ота-оналарни?

Тўғри, суд мажлиси очиқ, фарзандларининг ажрими кўрилаётганда улар иштирок этишлари мумкин, лекин уларнинг иштирокидан мақсад нима? Албатта бир тараф ажримда келинни айблаш, иккинчи тараф куёвни айблаш билан аламдан чиқиш, оилани ажратишга эришиш...

Ажрим учун важлар эса ўша айрим ёшлар қарашида "замонавий тақводор" эр "Хотиним итоат этмайди, келин қайнонасини, яъни онамни ҳурмат қилмайди ва ҳоказо", деса, иккинчи томондан "замонавий тақводор" келин "эрим оилани тебрата олмайди, масъулиятсиз ва ҳакозо", дейди...

Ачинарлиси эса қани донишманд ва бағрикенг халқимнинг зурриёдлари – ёшларни сабр-бардошга ўргатадиган, уларга тўғри йўл кўрсатадиган, фарзандининг оиласи бузилса, оддий ҳолат эмас, фалокат деб биладиган, бундан изза тортадиган ота-она, уруғ-аймоқ?

3. Мустаҳкам оила қуришнимас, аввало дабдабали тўй қилишни устувор биладиганлар:

Судга даъво киритилди, келин уйдаги "мол-мулкларни талаб қилиб олиб бериш"ни сўрайди.

Никоҳлари дарз кетган, ўртада жанжал, ота уйига кетиб қолган келин, қимматбаҳо ва бошқа мулкларини эрининг уйидан қайтариб олишни талаб қилади.

Куёв томон эса, судда даъвони тан олмай, тўйга қилган харажатни пеш қилиб, ушбу харажатларни қоплашни келин томондан талаб қилади.

Албатта, мулкни, харажатларни талаб қилишнинг ҳам асослари биз яхши билган Фуқаролик кодексида ва тегишли қонунчиликда мавжуд. 

МАСАЛА НИМАДА?

Масала сиз англаб турганингиздек, "Нега бунча харажат қиласан? Нега ортиқча мулкни олиб борасан? Нега мустаҳкам ва соғлом оила қуришни эмас, дабдабали тўй қилишга бунча ошиқасан? Нега ақлсизлик билан харажат қилишга бунча ўчсан?" деган риторик саволларда. 

Масала "Кўрпангга қараб оёқ узат ё оёқ узун бўлса, кўрпадан чиқиб қолади, оёқни калталатиш эмас, кўрпани узайтириш ҳақида ўйла", деган ҳикматларимиз унутилаётганида. Сўнг эса "тўйни" бехижолат судда давом эттираётганимиздадир. 

4. Айрим тоифа алимент (таъминот) ота-она ва бола ўртасида низо, бир-бирига таъсир этиш воситасига айланиб қолмоқда:

Яъни, охирги пайтларда кўпайиб бораётган – аслида муҳтож бўлмаган ота-онанинг ўз фарзандларидан алимент ундириш ёки муҳтож бўлмаган болаларнинг эса ўз ота-оналаридан алимент ундириш тўғрисида низоларга эътиборингизни қаратсак.

Бунинг ҳам асоси Ўзбекистон Конституциясининг 64-моддаси, Оила кодексининг 100, 109-моддаларида ота-онанинг вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига, вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот бериши белгиланган. 

Лекин, даъвогар ота-она (ёки улардан бири) ўзлари ноқобул деб ҳисоблаган фарзандига алимент ундириш орқали сабоқ бериб қўйишни мақсад қилади. Чунки аслида унга – даъвогарга таъминот керакмас, унинг шароити яхши, ҳеч кимнинг ёрдамига муҳтож эмас. 

Даъвогар фарзандда эса мақсад, ота-онаси (улардан бири)га ўз норозилигини кўрсатиш, принципини намоён этиш, шу орқали ота-онасидан алам олиш, ўз вақтида кўрсатилмаган эътибор учун ўч олишдир. Яъни, ушбу ҳолатлардаги даъво талабларини қўйган ҳар иккиси ҳам аслида алиментга муҳтож эмас. 

БИЗГА НЕ БЎЛДИ?

"Бизга не бўлди?" – астойдил ўйланмаган ҳаракатимиз асосида, меҳрибон, меҳмондўст, болажон, ота-онасига ғамхўр, боласини подшоҳ, онасини қиблагоҳ, отасини бузруквор биладиган миллат тақдирига бефарқ бўлмаслик бурчимизни ҳам унутиб қўймаслигимиз даркор.

5. Қўшнилар ўртасида оқибат, меҳр-муҳаббат:

Ўзига уй қурган қўшнисига нисбатан, ушбу иморатни қуришда унинг розилигини олмаганлиги, тегишли ташкилотларнинг рухсатисиз қурганлигини важ қилиб, иморатни бузиш талаби билан судларга берилаётган даъволар камаймаяпти.

"Қонунларимиз ажойиб экан, ўз уйида иморат кўтариш учун ҳам қўшнидан сўраш керакми?" Бу кулгили туюлса ҳам, ушбу талабнинг ҳам Фуқаролик кодексида ва бошқа қонун ҳужжатларида ҳуқуқий асослари бор.

Аммо масала бунда эмас, бизни қийнаётган, мушоҳадага чорлаётган хунук ҳолат – ота-боболаримизнинг "бир қарич ерни ҳам орқалаб қабрингга олиб кета олмайсан, ер-жой кимлардан қолмабди, қўшнинг тинч – сен тинч, узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал" ва ҳоказо деган ҳаётий фалсафаларга риоя этмаётганимизда...

Ёшлик чоғларимизда, қўни-қўшнилар билан ота-оналаримиз ҳар куни, эҳтиёж бўлмаса ҳам, бир коса ош-овқат алмашишини доимий гувоҳи эдик... Ишқилиб бу қадриятлар ҳам тарих варақларида қолиб кетмаса бўлди.

Бу ҳолатда "Тобутингни қўшнинг кўтаради" каби ҳаётда тобланган ҳақли фалсафага амал қилмаслик, қўшнига зарда қилиш ҳар икки томонга ҳам яхшилик келтирмайди. Бунда низо судда кимнинг фойдасига ҳал этилиши муҳим эмас, ютган тараф бўлмайди. Бу эса гарчи тан олинмаса-да, синмас ҳақиқатдир.

6. Яхшидан боғ қолар эди, эндиликда афсус...

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ташкилотлари судларга дарахт кесиб ташланиши оқибатида етказилган зарарни ундириш ҳақида тез-тез даъво талаби билан чиқишмоқда.

Ушбу талаб бўйича ҳам асос Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, "Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида мавжуд.

Жавобгарлар эса, кўп ҳолларда "дарахт кесганим учун маъмурий жарима тўладим. Яна қандай зарарни тўлашим керак", дейди. "Дарахт шунча қиммат турадими", дейишади...

Бу мисолнинг қадриятларимизга нима алоқаси бор, дарахтни ноқонуний равишда нобуд қилибди, қонунга мувофиқ, зарарни тўласин, вассалом, дерсиз. 

Лекин қадрият шундаки, ота-боболаримиз фарзанд туғилиши билан унга атаб кўчат эккан, парваришлаган, ўзидан боғ қолдиришни савоб деб билишган.

Биз эса дарахтларни аямай нобуд қилиб, "жарима тўладим зарар тўламайман, пенсионерман, фарзандим ишламайди, аёлим дафтарга киритилган", деган важларни келтирмоқдамиз. Зарарни-ку тўлармиз, лекин, табиатга, қадриятимизга етаётган тизимли зарарни қандай қилиб тўлаймиз?

7. Ака-ука қону-жигар...

Судга ука даъво киритмоқда – "акамнинг бошқа уйи борлиги учун унга отамдан қолган уй-жойнинг улушини менга нисбатан белгилаб бериш ҳақида" ака эса укасининг икки хотини борлигини важ қилиб, у мулкка муҳтож эмаслигини таъкидлаб, ушбу низоли уйни ўзига белгилаб бериш ҳақида қарор қилишни сўрамоқда.

Биласиз, меросга оид низолар Фуқаролик кодекси, Олий суд пленуми қарорлари ва ҳоказолар асосида кўриб чиқилади.

Аммо ҳақиқий низо, асл муаммо ака-ука, опа-сингил ва бошқа қариндош уруғ ўртасидаги меҳр-оқибат ҳақида, мана шу қадрият емирилиб бораётганлиги тўғрисидадир.

8. Омонатга хиёнат

Бировнинг номида бўлган мулкни олиб бериш, деган даъволар судларда кўрилмоқда. Қонуний қарор қабул қилинаверади. Аммо эссизгина қадрият... 

Сиз ўз маблағингизга кўчмас мулк олиб, танишингиз, дўстингиз, қариндошингиз ёки касбдошингизга ишонган ҳолда унинг номига омонат, деб уй-жой олгансиз, лекин "омонат" мулкни билиб-билмай ёки мажбур бўлгани ҳолда, қайтариб бермаётганлар ҳам "тез-тез" учраб турибди. Бунга судларда чиқарилган ва чиқарилаётган бир неча ўнлаб қарорлар гувоҳлик беради.

Омонатингизни номига расмийлаштирган шахс бу мулкни сизга қайтармоқчи эмас. Чунки унинг бугунги кундаги вазияти сизга мулкингизни қайтаришга имкон бермайди.

Унга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Фуқаролик кодекси, «Хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунида белгиланган хусусий мулкнинг вужудга келиши ҳамда хусусий мулк ҳуқуқини жавобгарга нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномаси ва давлат рўйхатидан ўтказилган гувоҳномага билан бировнинг номига олинган мулкингиз сиз айтган "биров"га тегишли эканлиги қўл келади.

"Жавобгарга қараб, бунчалик ўзгарганига ҳайрон қоламан, омонатга хиёнат қилма, лафзинг борми", дейсиз... Суд ҳам бу ўринда ожиз қолади.

Бу эса миллий қадриятимизга айланган "омонатга хиёнат қилмаслик"дек ҳалоллик, ўзганинг ҳақига хиёнат қилмаслик ва ҳоказолар каби қадриятларимизга берилаётган кучли зарбалардан биридир...

9. Етимлар, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, нафақахўрлар ва бошқалар ҳақига хиёнат

Кўз ўнгингизга келтиринг, шартнома тузмай туриб, ўз автотранспорт воситасини оғзаки келишув ёки оддий тилхат асосида бошқа бир шахсга маълум бир ҳақ эвазига ижарага берган ё бўлмаса худди шундай келишув асосида турар-жой, бошқа кўчмас мулкни ижарага берган даъвогар судга талаб қўйиб, тегишли тартибда расмийлаштирилмаган ижара бўйича ижарачидан автотранспорт воситасидан, кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун тўламай келинаётган ҳақини ундириб беришини сўради.

Албатта ушбу тоифадаги низолар тегишли қонунчилик асосида ҳал этилади. Қонуний қарор қабул қилинади, лекин қани бу мисолда етимлар, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, нафақахўрлар ва бошқалар ҳақига хиёнат десангиз, жавоб шуки, бундай норасмий, қонун талабига мувофиқ тузилмаган битимлардан кўзланган мақсад солиқ тўламаслик. 

Солиқлар эса давлат бюджетига тушиши ва маблағ бошқа мақсадлар билан бир қаторда юқорида айтилган аҳоли тоифаларнинг ижтимоий муҳофазасига йўналтирилишини барчамиз яхши биламиз.

Демак, хулоса шундан иборатки, тарафларда солиқ тўламасликни мақсад қилиш – ижтимоий ҳимояга муҳтож ва бошқа бир аҳоли қатлами ҳақига хиёнат қилиш билан баробардир. 

Бу эса, қонунларимиз талабини бузиш билан билан бирга, юксак миллий қадриятларимизга ҳам зиддир.

Нуриддин МУРОДОВ,

ФИБ Учтепа туманлараро суди раис ўринбосари

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бизга не бўлди: эссизгина қадрият, хавотирли ҳолатлар, "замонавий тақводор" эр ва хотин, омонат ва хиёнат...