Нукус нуфузли спорт мусобақасига мезбонлик қилади
Жорий йилнинг 22-25 май кунлари Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ва Ўзбекистон Кураш федерацияси, Халқаро Кураш ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган миллий кураш бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида (IKA) Осиё кубоги бўлиб ўтади.
Ушбу нуфузли мусобақа олдидан ҳудуддаги ташкилий масалаларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Кураш федерацияси раиси ўринбосари Уйғун Умаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қорақалпоғистонда бўлди. Хусусан, ишчи гуруҳ аъзолари Нукус шаҳар 1-сонли спорт мактабида халқаро мусобақани ўтказиш бўйича тегишли мутасаддилар билан суҳбатлашиб, бу ердаги шароитларни яқиндан ўрганди.
Қорақалпоғистон Республикаси Кураш федерацияси ижрочи директори Серик Жусупбековнинг таъкидлашича, мазкур мусобақада Осиё қитъасининг кўплаб давлатларидан кучли полвонлар иштирок этади.

Ушбу мусобақа Халқаро кураш ассоциацияси (IKA) қоидаларига мувофиқ ўтказилиб, биринчи ўринни эгаллаган полвонлар 700 АҚШ доллари ва IKA рейтингида 200 балл, кумуш медаль соҳиблари 400 АҚШ доллари ва 100 балл, бронза медали ғолиблари 200 АҚШ доллари ва 50 баллни қўлга киритади. Шунингдек, жамоавий беллашувларда ғолиб бўлган биринчи ўрин эгаларига 300 АҚШ доллари, финалчиларга 2000 АҚШ доллари ва бронза медаль эгаларига 1000 АҚШ доллари топширилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.