Нуфузли мусобақа олдидан матбуот анжумани
Жорий йилнинг 22-25 май кунлари Нукус шаҳрида миллий кураш бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида (IKA) Осиё кубоги бўлиб ўтади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ва Ўзбекистон Кураш федерацияси, Халқаро Кураш ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган ушбу нуфузли мусобақа олдидан Нукус шаҳридаги “Рамада” меҳмонхонасида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Халқаро кураш ассоциацияси (IKA) халқаро техник директори Равил Капур, Ўзбекистон Кураш федерацияси раисининг спорт ишлари бўйича ўринбосари Уйғун Умаров ва бошқалар Осиё кубоги мусобақасининг ўтказилиш тартиби, иштирокчи давлатлар ва уларга яратилган шароитларга тўхталди.
[gallery-29582]
Таъкидланганидек, мазкур мусобақада Осиё қитъасининг кўплаб давлатларидан, жумладан, Хитой Тайпейи, Қирғизистон, Туркманистон, Ҳиндистон, Тожикистон, Саудия Арабистони, Сингапур ва мамлакатимиздан кучли полвонлар иштирок этади.
Ушбу мусобақа Халқаро кураш ассоциацияси (IKA) қоидаларига мувофиқ ўтказилиб, унда эркаклар 5 та, аёллар 4 та вазн тоифасида баҳслашади. Шунингдек, жамоавий беллашувлар ҳам ўтказилади. Ҳар бир вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллаган полвонлар 700 АҚШ доллари, кумуш медаль соҳиблари 400 АҚШ доллари, бронза медали ғолиблари 200 АҚШ долларини қўлга киритади. Шунингдек, жамоавий беллашувларда ғолиб бўлган биринчи ўрин эгаларига 3000 АҚШ доллари, финалчиларга 2000 АҚШ доллари ва бронза медаль эгаларига 1000 АҚШ доллари топширилади.
Мусобақалар доирасида иштирокчиларга маданий тадбирлар, Нукус шаҳрининг диққатга сазовор масканларига саёҳатлар ҳам ташкил этилади.
Матбуот анжумани якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.